Арабларда қиз фарзанд дунёга келса, наслларига доғ туширишидан, жамиятда камситилишидан қўрқиб, уларни ўлдиришдек жирканч одат урф бўлган. Ислом дини жоҳилият давридаги аёлларга қилинган муносабатни тубдан ижобий томонга ўзгартирди, уларга аввал ҳеч ким тасаввур ҳам қила олмаган мақомни берди. Аёллар ўзига хос ўринга эга бўла бошлади.

Ислом оламида аёллар, айниқса, Қуръон, ҳадис илмларида эркак уламолардан қолиш­маган ҳолда, Пайғамбар (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг меросларини сақлаб, бизларга етказишда муносиб ҳисса қўшдилар. Улар зиммаларидаги вазифаларини бажариш билан бир қаторда, илмни ҳам четга суриб қўймадилар. Уй юмушларини бажаришлари илмдан орқада қолишларига сабаб бўлмади. Қуръон оятларидаги илм олишга чақириқлар уларни чуқурроқ илм олишларига ундади. 
 
Олималарнинг ўрни Ислом тарихининг аввалги уч асрида яққол кўзга ташланди. Саҳобия аёлларнинг илм олиш йўлида  ўз ғайратларини сарфлашларига ва интилишларига ҳеч нарса тўсқинлик қилмасди. Мана шундай журъатли аёллар ҳақида Ойша (розияллоҳу анҳо): “Ансорларнинг аёллари қандай яхши, дин илмини ўрганишда улар ҳаё қилиб ўтирмасдилар” (Имом Бухорий ривояти), деб мақтов сўзларини айтганлар.
Саҳобияларнинг уйлари илм ўрганиш учун келганларга мактаб вазифасини ўтаган. Савол билан мурожаат қилганлар шариат доирасида ўз саволларига жавоб олганлар. Ҳаж мавсумида кўплаб саҳобиялар ҳаж қилиш учун келганларга турли мавзулар доирасидаги ҳадис ривоят қилганлар.  
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) давр­ларида аёлларнинг илм олишларига алоҳида кун ажратилган. Боиси, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ваъз-насиҳат, хутбалари асосан атрофларини ўраб олган эркаклар тинглашар, орқа қаторда ўтирган аёллар эса кўп ҳолларда эшитмай қолардилар. Шунда аёллар Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га: “Эркаклар сиздан ҳар куни илм ўрганишмоқда, бизга ҳам бир кун ажратинг”, дейишди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир кунни та­йинлаб, ўша кун келгач, уларга ваъз-насиҳат айтдилар, баъзи диний ишларни буюрдилар (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан сўнг аёллар ҳам турли шаҳарларга бориб ҳадис ривоят қилганлари маълум ва машҳурдир. Имом Заҳабийнинг таъкидлашича, “Эркаклардан ишончсиз ровийлар, ёлғон ҳадислар жуда кўп. Аммо Ислом тарихида ҳадиснинг заифлигида ёки ўзининг ишончсизлигида айбланган бирон-бир аёл йўқ”.
 
Имом Ҳоким Нишопурий: “Набий (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадис­ларини етказган муҳаддисалар бўлмаганда, динимизнинг тўртдан бирини йўқотган бўлар эдик”, деган.
 
Ҳадис ривоят қилган аёл ровийларнинг ҳаёт-фаолиятлари, ҳадис илмининг турли соҳаларида ёзган асарлари, ривоятлари сонини чуқур тадқиқ этган тадқиқотчилар 216 нафар аёл саҳобиянинг ҳадис ривоят қилганини таъкидлайди.
Муҳаддислар ўз китобларида кўплаб аёллардан ҳадис келтирганлар. Жумладан, Ойша (розияллоҳу анҳо) Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан 2210 та ҳадис ривоят қилганлар ва етти энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобийлар орасида тўртинчи ўринда турадилар. Бу эса аксар эркак саҳобийларнинг ривоятидан кўпдир.  
 
Шунингдек, Умму Салама (378 та), Маймуна бинти Ҳорис (76 та), Ҳабиба бинти Абу Суфён (65 та), Ҳафса бинти Умар (60 та), Зайнаб бинти Жаҳш (11 та), Сафия бинти Ҳуяй ибн Ахтаб (10 та), Жувайрия бинти Ҳорис (7 та), Асмо бинти Язид ибн Сакан (81 та), Асмо бинти Умайс (60 та), Асмо бинти Абу Бакр (58 та), Умму Ҳони бинти Абу Толиб (46 та), Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қизлари Фотима (18 та) ва Савда бинти Замъа (5 та) (розияллоҳу анҳум)лар ҳадис ривоят қилганлар. 
 
Саҳобиялардан сўнг тобеин аёллар даври келиб, саҳиҳ, сунан, муснад, жоме китобларида улардан ҳам бир қанча ривоятлар келтирилган. Машҳур тобеин аёллардан Хайра умму Ҳасан Басрий, Зайнаб бинти Каъб ибн Ужра, София бинти Абу Убайд ибн Масъуд, Зайнаб бинти Набийт, Умму Гулсум бинти Абу Бакр Сиддиқ, Ҳафса бинти Сирин, Умра бинти Абдураҳмон, Муоза бинти Убайдуллоҳ Адавия, Ойша бинти Талҳаларни келтириш мумкин. 
Демак, бугунги кунда дин ниқоби остидаги бузғунчи гуруҳ­ларнинг аёлларни жамиятдан ажратиб қўйиш, уларни илм олишдан  чеклаш ҳақидаги кес­кин ғоялари буткул асоссиздир. Илк Ислом даврида аёлларнинг илм олиши учун имкониятлар берилгани каби, ҳозирда ҳам уларнинг жамиятда ўз ўринларини топишлари учун шароитлар яратиш лозим. Уларнинг илм соҳасида эришаётган ютуқларини бугунги кунда ҳар соҳада кузатиш мумкин.
Тошкент ислом университети талабаси
 
Соҳиба Юсупҳожиева 
тайёрлади.