Намоз ўқиш шартлари

Мўмин намозни адо этишга киришишидан олдин қуйидаги амалларни бажариши лозим:

1. Баданини поклаши шарт. Бу таҳорат олиш, агар ғусл вожиб бўлган бўлса, ғусл қилиш ё маълум ўринларда таяммум қилиш билан бўлади. Таҳорат, таяммум ва ғуслга оид масалалар ўтган сабоқларда баён этилганидан фақат шуни таъкид­ламоқчимиз: таҳорат бўлгани ҳолда баданга нажас теккан бўлса, уни ювиб кетказиш лозим.
 
2. Кийими пок бўлиши керак. Кийим поклиги дейилганда, уни қон, сийдик, тезак, йиринг каби нажосатлардан тоза бўлишини тушуниш лозим. Нажосатдан покланишга доир масалалар ҳам ўтган сабоқларда баён этилган.
 
Намоз – қолдириб бўлмайдиган ибодат. Шунинг учун бадани ё кийимига теккан нажосатни тозалаш имконига эга бўлмаган киши намозини қолдирмайди, ўқийди. Бу ҳолда ўқиган намозларини сўнг қайта ўқимайди. Сўнг нажосатни тозалаш имконига эга бўлиши билан ундан тозаланади.
 
3. Намоз ўқийдиган ўрни нажосатдан пок бўлиши зарур. Бир чети ҳаром бўлган кичик гиламнинг иккинчи четида намоз ўқиш мумкин эмас. Жойнамоз тўшамай, ерда намоз ўқиганида оёқлари тагида дирҳам миқдоридан кўп – қуюқ бўлса 1,125 гр., суюқ бўлса, кафтга сув олгач, олган сув қолдиғининг жойидан кўпроқ ўринда нажосат бўлса, намози мақбул бўлмайди. Одатда оёқ кийимларининг таги ифлос бўлади. Шунинг учун жаноза намозини ўқишда оёқларни калиш ё туфлидан чиқариб, улар устига қўйилади. Бунда оёқ кийимнинг тоза устки қисми жойнамоз ўрнига ўтади.
 
4. Авратини беркитиши керак. Авратни беркитиш намоз учунгина эмас, балки барча ҳолда эркак ва аёлларга фарздир. Эркак­ларнинг аврати киндик тагидан тиззагачадир. Тизза ҳам аврат ҳисобланади. Киндикни ҳам аврат деган уламолар бор. Аёлнинг юзи ва кафтидан бошқа барча бадани авратдир. Аёлларнинг сочи аврат бўлиб, тўртдан бирининг кўриниши намозни бузади. Бадан аъзоларини билдириб турадиган тор кийим билан намоз ўқиб бўлмайди. Авратни кўрсатиш улкан гуноҳ. Шу боис, пок­лаш имкони бўлмаганда, деярли барча жойига нажосат теккан кийим билан ҳам намоз ўқилади. Ечиб ташлаб, яланғоч ўқилмайди.
 
5. Қибла тарафга юзланиши лозим. Қибла хонаи Каъба ўрнидир. Маккаи мукаррамада бўлганлар намозни айнан хонаи Каъбага юзланиб ўқишлари шарт. Маккаи мукаррамадан ўзга жойларда намозни хонаи Каъба тарафига юзланиб ўқиши керак. Маккаи мукаррама бизнинг юртимизга нисбатан жануби ғарбда жойлашган. Бинобарин, уламоларимиз энг қисқа ва энг узун кунлардаги қуёшнинг ботиш нуқталари оралиғини тенг учга бўлиб ва қуёш ботишига юзланганда, мазкур бўлак­ларнинг биринчи ва иккинчи бўлаклари туташган жойга намозда юзланиш мақбул деганлар. Қиблага юзланса, орқасидан душман ё йиртқич ҳамла қилишидан хавфсираган киши намозини ўзи учун қулай томонга қараб ўқийди. Шунингдек, қиблага юзлантириб қўювчиси бўлмаган бемор ҳам имкони бор томонга юзланиб, намозини адо қилади. Улар қиб­лага юзланолмагани учун намозини қолдирмайдилар.
 
Нотаниш жойга борганда қиб­ла томонни маҳаллий одамлардан сўраб билиш керак. Агар қиб­ла томонни кўрсатадиган киши топилмаса, ақл ва билимни ишга солиб қибла томонни аниқлаш керак. Сўнг ўзи қибла томон деб қатъий қарор қилган тарафига юзланиб намоз ўқиши лозим. Намоздан сўнг юзланиши қибладан оғгани маълум бўлса ҳам, намоз қайта ўқилмайди.
 
6. Ўқимоқчи бўлган намозини ният қилиши керак. Ният амални бажаришга бўлган қасд ва иродадир. Ният кўнгилда бўлади. Тил ифодаси сўз ё гап дейилади. Шунинг учун ўқимоқчи бўлган намозга тил ифодаси билан эмас, кўнгилда қасд қилиниб кирилади. Шунингдек, намозни Аллоҳ таоло учун холис адо этаётганини, юзини қибла томон қаратганини ҳам кўнгилдан ўтказади, ният қилади. Агар намоз жамоат билан ўқилса, имомга эргашганликни (иқтидо) ҳам кўнгилдан ўтказиш лозим бўлади. Намоз ракатларининг сонини кўнгилдан ўтказиш шарт эмас. Балки қайси вақтнинг фарзи ё вожиби эканлигини кўнгилдан ўтказиш шарт. Нафл ва суннат намозлари учун “намоз ўқийман” деб кўнгилдан ўтказиш кифоя.
 
Бомдод намозининг фарзини ўқиш қуйидагича кўнгилдан ўтказилади: “Юзимни қибланинг бир томонига қаратиб, бомдод намозининг шу вақтдаги фарзини холис Аллоҳ учун ўқишни ният қилдим”. Агар имомга эргашган бўлса, “холис Аллоҳ учун”дан олдин “шу имомга иқтидо қилиб”, деб кўнгилдан ўтказиш керак.
 
7. Намозни вақтида адо этиши шарт. Намоз вақтлари ҳақида ҳам аввалги сабоқларда баён этилди.
 
Бу саналган амаллар намознинг ташқарисидаги фарзлари ё шартлари дейилади. Авратни беркитиш доимо фарз бўлганидан кўп ҳолларда намоз фарзлари орасида у саналмайди ва намознинг ташқарисидаги фарзлари олтита дейилади. Демак, бадан, кийим ва жой поклиги, намозни қиблага юзланиб ва вақтида ўқиш, намозга ният қилиш намознинг ташқарисидаги фарзларидир.
 
Муҳаммадшариф ЖУМАН