Қуръон – Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ваҳий қилинган, уни тиловат этиш ибодат бўлган, мутавотир йўллар билан нақл қилинган Аллоҳнинг каломидир.
 
Қуръон – ҳеч қандай ботил аралашмайдиган, замонлар ўтса-да, қиёматгача соф, боқий қоладиган илоҳий Китобдир.
 
Қуръон – ҳақ йўлга ҳидоят қилгувчи нур ва мустаҳкам арқондир. Унда ўтган ва энди келадиган нарсаларнинг хабари бор. Ким уни кибру ҳаво қилган ҳолда тарк қилса, Ундан бошқа нарсадан ҳидоят қидирса, Аллоҳ уни адаштиради.
 
Қуръон билан сўзлаган кимса рост гапирган, Қуръон билан ҳукм қилган кимса одиллик қилган бўлади.
 
Қуръон – охирги пайғамбарнинг ҳужжати, диннинг қомусидир. У бизнинг ҳаётдаги йўлбошчимиз ва имомимиздир. У билан ҳидоят топамиз ва Ундаги буйруқ ва қайтариқларга амал қиламиз. Буюк саодатимиз Унинг йўлида юриш ва Ундаги пок шариатга эргашишдадир. Шақоватимиз эса, Унинг йўлидан бош тортиш ва таълимотларидан узоқлашувимиздадир. 
 
Қуръон – самовий китобларнинг энг сўнггисидир. Унга ҳеч қандай калом тенг кела олмайди ва Ундаги сўзга ҳеч қандай сўз ўхшамайди: "...Ким ҳам Аллоҳдан кўра рост гапирувчироқ экан?!" (Нисо, 87). Аллоҳ таоло Қуръоннинг шаънини кўтариб, даражасининг олийлигига ишора қилиб деди: "(У) Ерни ва юксак осмонларни яратган зот (Аллоҳ томони)дан нозил қилингандир" (Тоҳо, 4).
 
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримнинг фазилатларини сифатлаб, бундай деди: "...Аллоҳ­дан сизларга Нур ва равшан Китоб келдики, у билан Аллоҳ ризосини топишга интилганларни (У) тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур" (Моида, 15–16).
 
"Сизга ҳамма нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун башорат бўлган Китоб (Қуръон)ни нозил қилдик" (Наҳл, 89).
 
Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтади: “Ким Қуръонни яхши кўрса, шунда Аллоҳ ва Унинг расули уни яхши кўради” (Имом Табароний ривояти).
 
Хайрулло ТОҒАЕВ,
Яшнобод туманидаги “Пул емас ота” 
жоме масжиди имом-хатиби