Мутаассиблик ўзининг нотўғри эътиқодини ўжарлик, жоҳиллик билан тўғри деб туриб олиш, бошқа эътиқоддаги одамларга муросасиз муносабатда бўлишдир. “Мутаассибликка йўлиққан одамлар ёки уларнинг гуруҳлари жамиятда барқарорликни бузишга уринади. Инсоният тарихида мутаассибликдан ғаразли мақсадларда кўп фойдаланилган. Мутаассибликнинг пайдо бўлишига диний зиддиятлар, шунингдек, ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий муаммоларнинг ҳал қилинмагани ҳам сабаб бўлиши мумкин. Ислом дини мутаассибликка хайрихоҳлик билдирмайди. Аксинча, теран ўйлашга, бошқаларга нисбатан муросали бўлишга чақиради” (Айдарбек Тулепов, “Ислом ва ақидапараст оқимлар”, ўқув қўлланма, 403-бет).

Қуръони карим ва ҳадиси шариф­лар моҳиятини теран англаган инсон динимизда таассуб қаттиқ қора­ланишини кўради. Динимизнинг моҳиятини билмаган жоҳил мутаассиблар эса, ўзларидан ўзга мусулмонлар ва бошқа дин вакилларига нисбатан тоқатсиз муносабатда бўлишади. Ўз қарашларини Исломнинг аслидан деб билишади. Ваҳоланки, динимиз кишиларни фақат яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришга чақиради. Мажбурлаш ва зўрлашдан эса қайтаради. Бу қоида қуйидаги оят билан собитдир: «Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди» (Бақара, 256).

Ислом тарихини холис ўрганган инсон мусулмонлар бошқаларга нисбатан куч ишлатиш ёки шафқатсизлик билан эмас, балки яхшиликлари ва юксак ахлоқлари туфайли кўплаб ғалабаларни қўлга киритганини кўради. Жумладан, бу ҳақда “Араблар цивилизацияси” номли китобда бундай дейилади: “Арабларнинг турли ҳудудларга қилган юришлари ва эришган ғалабалари ҳақида сўз кетганда, Ислом дини куч ишлатиш, мажбурлаш натижасида тарқалмаганини кўриш мумкин. Мусулмон фотиҳлар бир ҳудудга киришса, ерли халқлардан ўз динида қолишни хоҳлаганларни Исломга мажбурлашмас эди... Мусулмонлар кўп ғалабаларни қўлга киритишди. Ғалабадан уларнинг кўзига парда тортилиб, жойларда зулм, ёмонлик ва динга куч билан киритиш каби ишларни қилишганида, худди салбчиларга қарши бирлашгандек, барча халқлар арабларга қарши бирлашган бўлар эди. Лекин мусулмонлар Сурия, Миср, Испания ва бошқа жойлардаги аҳолининг динлари, урф-одатлари, қонунларига тегмадилар. Уларга нисбатан озгина жизя солиғи солиш билан кифояландилар, холос”.

Ҳақиқатан ҳам, динимиз мусулмонларнинг имони, шаъни ва мол-мулкига тажовуз қилмаган бошқа дин вакилларига яхши муомала қилишга чақирди. Аллоҳ таоло бундай дейди: «Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар» (Мумтаҳана, 8).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошқа дин вакилларига яхши муносабатда бўлганлар. Уларга ҳадялар бериб, улар берган ҳадяларни қабул қилардилар. Шунингдек, улар билан доимо иттифоқда яшашга ҳарис бўлганлар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг мутаассибликка берилмасдан, бағрикенглик тамойилига амал қилганларига кўплаб мисоллар бор. Жумладан, Мадинага ҳижрат қилиб келгач, у ердаги яҳудийлар билан тинч-тотув ва иттифоқда яшаш учун аҳднома тузганлар.

Шундай экан, мутаассибларнинг ушбу оят ва ҳадисларга амал қилмасдан, ўзга эътиқод вакилларига нисбатан муросасизлигини қандай тушуниш мумкин?! Ёки бошқаларга “мунофиқ”, “муртад”, “кофир” ва ҳоказо тамғаларни босишга уларнинг қандай асоси бор?! Аслида эса, динимиз ўзгалар ҳақида бундай кескин ҳукм қилишдан қайтаради. Зеро, Аллоҳнинг ҳузурида ким ҳақиқий мўмину, ким мунофиқ эканини ҳеч ким айтолмайди.

Умуман олганда, диндаги ғулув, бидъат ва хурофотлар, бировни кофирликда айблаш (такфир) кабилар оқибатида ноҳақ қон тўкилишига мутаассиблик сабаб бўлмоқда. Масалан, «Бугун ИШИД фитначилари ўз жамоаларидан четлашган, ҳижрат қилмаган, ИШИДчилар “кофир” деган кишини кофир ҳисобламайдиган одамларни “куфр”да айблаб қатл қилмоқда. Ваҳоланки, Ислом таълимотига кўра, ширкдан ташқари ҳар қандай гуноҳ қилган инсон, токи ўша гуноҳини ҳалол деб ҳисобламас экан, кофир бўлмайди» (Айдарбек Тулепов, “ИШИД фитнаси” китоби, 25-бет).

Хулоса қилиб айтсак, Ислом дини мутаассибликдан, динда чуқур кетишдан қайтаради. Аксинча, бошқа дин вакиллари билан ўзаро муроса қилиб, бағрикенг бўлиб яшашга чақиради.

Манбалар асосида
Илҳом МАЪРУПОВ
тайёрлади.