Жонажон диёримиз мус­тақилликка эришгач, динимиз, қадриятларимиз халқимизга қайтариб берилди. Афсуски, айрим бузғунчилар одамларимизнинг диний билимларга чанқоқлигидан фойдаланиб, ҳали онги шакл­ланмаган, тажрибасиз, илмсиз, ғўр ёшларни тузоғига илинтириб, улардан ўзларининг ғаразли мақсадларида фойдаланишга уриндилар. Ислом динининг асл моҳиятини бузиб талқин қила бошладилар. Дастлаб сафларини, асосан, бошланғич диний маълумотли кишилар ҳисобига кенгайтиришга ҳаракат қилишди. Дунёқараши ва мавжуд давлат тузумига муносабати турлича бўлган, айни пайтда Ислом динига қизиқа бошлаган кишиларни, зиёлилар ва талаба-ўқувчи ёшларнинг бир қисмини исломий илм ўргатиш баҳонасида, пировардида эса батамом ношаръий бўлган қасам ичиришлар орқали ўзлари томонга оғдиришга муваффақ бўлишган. У ғаламислар вақтинчалик қийинчиликларни, ҳаттоки айрим табиий офатларни рўкач қилиб, агар Исломнинг тўғри ҳукмлари амалда бўлганида, бундай ҳодисалар рўй бермас эди, каби фикрлар билан ғаразли ниятларини амалга оширишга интилдилар.

Ислом дини одамларни имоннинг қисмларидан саналган одоб-ахлоқли бўлишга чақиради. Қуръони каримда одоб-ахлоққа алоқадор 1302 та оят мавжуд. Бузғунчи оқимлар айрим кишиларнинг эътиқодига рахна солиб, уларга ахлоқсизликни мажбуран сингдириши, ота-онага нисбатан муросасиз ва беписанд қилиб қўйгани айир­мачиликдан ўзга нарса эмас. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Отага итоат қилиш Аллоҳга итоат қилишдир. Унинг олдида гуноҳ қилиш – Аллоҳ олдида гуноҳкор бўлиш билан баробар”, деганлар. Ҳадислардаги бу каби тарбиявий ўгитларга қарамай, ғаразли оқимларга кириб қолган ёшлар ўз ота-оналарини ҳақорат қилишгача боришди.

Таассуфки, турли ёт оқим аъзо­лари юртимизнинг тинчлиги ҳамда халқимизнинг фаровонлигини, ҳукуматимизнинг одилона сиёсатини кўра олмасдан, аҳоли орасида ёт ғояларни тарқатишга уринади. Ислом динининг асл моҳиятини тушунмаган ёшларда мутаассиб­лик руҳининг илдиз отишига ҳаракат қилади.
Шундай экан, имон-эъти­қодимизга рахна соладиган, фарзандларни ўз ота-онасига, юртига, халқига қарши қўядиган, бузуқ ғоя эгалари тузоғидан, таъсиридан ёшларимизни асрайлик, бир лаҳза ҳам ҳушёрликни қўлдан бермайлик.

Ўрол ТУРОБОВ,
Бахмал тумани “Лаби-ҳовуз”
жоме масжиди имом-хатиби