Абу Молик Ашъарий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Поклик имоннинг ярмидир. “Алҳамдулиллаҳ” мезон (тарози)ни тўлдиради. “Субҳоналлоҳ” ва “Алҳамдулиллаҳ” ер ва осмон орасини тўлдиради. Намоз нурдир. Садақа далилдир. Сабр зиёдир. Қуръон сизнинг фoйдангизга ёки зарарингизга ҳужжатдир. Ҳар бир инсон ҳаракат қилиб, нафсини сотиб уни озод қилади ёки ҳалокатга ташлайди”, дедилар» (Имом Муслим).  

 

“Поклик имоннинг ярмидир”. Имон фазилати икки нарсада намоён бўлади: банда қалбининг мусаффолигида; инсоннинг ташқи кўриниши поклигида. Чунки имон куфр ва ширкдан поклайди, таҳорат эса кичик гуноҳларга каффорат бўлади. Аллоҳ таоло пок бандаларни севади. Шунинг учун поклик имоннинг ярми, дейилади.

Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади» (Бақара, 222).

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким таҳорат олса ва уни гўзал қилса, унинг хатолари жасадидан чиқиб кетади…”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

«“Алҳамдулиллаҳ” мезон(тарози)­ни тўлдиради». Яъни, “Алҳамдулиллаҳ” дейишнинг савоби мезонни тўлдиради. “Алҳамдулиллаҳ” деб Аллоҳни зикр қилишнинг савоби қиёмат куни амаллар ўлчанадиган тарозининг яхшиликлар палласини тўлдиради.

«“Субҳоналлоҳ” ва “Алҳамдулиллаҳ” ер ва осмон ўртасини тўлдиради». “Субҳоналлоҳ”нинг маъноси Аллоҳ таолони улуғлаш ва айбу нуқсонлардан пок­лигини ёдлашдир. “Субҳоналлоҳ” ва “Алҳамдулиллаҳ” дейишнинг ажр-савоби ер ва осмон орасини тўлдиради. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Аллоҳ таоло тўртта сўзни яхши кўради. Улар: “Субҳоналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Ла илаҳа иллаллоҳ” ва “Аллоҳу акбар”дир.

Ким “Субҳоналлоҳ” деса, унга йигирмата савоб ёзилади ва йигирмата гуноҳи ўчирилади. Ким “Аллоҳу акбар” деса, яна шунча савоб берилади ва гуноҳлари ўчирилади. Ким “Ла илаҳа иллаллоҳ” деса, яна шунча савоб берилади ва гуноҳлари ўчирилади. Ким “Алҳамдулиллаҳ” деса, яна шунча савоб берилади ва гуноҳлари ўчирилади. Ким “Алҳамду лиллаҳи раббил аламин”, деса, унга ўттизта савоб ёзилиб, ўттизта гуноҳи ўчирилади”» (Имом Насоий).

Аллоҳ таолони зикр қилган инсоннинг қалби хотиржам бўлади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «…Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)» (Раъд, 28).

“Намоз нурдир”. Намоз – буюк ибодат. Барча шартлари билан, ихлосу муҳаббат ва хушу ила адо этилган намоз нур бўлади. Намозни мукаммал адо қилган мўминнинг қалби нурга тўлади. Намоз қиёмат зулматларида мўминга нур бўлади. Намозни чин ихлос билан адо этувчилар роҳат, сакинат ва омонлик топади. Намоз ўқиган банда яхши йўлда юриб, гуноҳлардан тийилади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: ­«…­Ал­батта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур…» (Анкабут, 45); «…Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрар. Улар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират этгин. Албатта, Сен ҳар нарсага қодирдирсан”, дерлар» (Таҳрим, 8).

“Садақа далилдир”. Садақа банданинг қалбидаги ишончга далил бўлади. Мунофиқ садақа бермайди. Чунки у садақанинг эвазига ажр-савоб берилишига ишонмайди.

Мусулмон доимо сахий ва очиққўл бўлиши керак. Ким бахилликни енгса, қиёмат куни нажот топади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «…Кимки ўз нафси бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар (охиратда) нажот топувчидирлар» (Ҳашр, 9).

“Сабр зиёдир”. Банда нафсини турли орзу-ҳаваслардан тийиб, ҳақда матонат билан туриши сабрдир. Инсон сабр билан қийинчиликлар ва машаққатларнинг барчасини енгиб ўтади.

“Қуръон сизнинг фoйдангиз ёки зарарингизга ҳужжатдир”. Инсон ҳаётлик чоғида Қуръони каримга амал қилса, нажот топади. Қуръондан юз ўгирса, ундаги қайтариқлардан сақланмаса ва буйруқларни бажармаса, бахтдан мосуво бўлиб, аламли азобга дучор бўлади.

“Ҳар бир инсон ҳаракат қилиб, нафсини сотиб уни озод қилади ёки ҳалокатга ташлайди”. Банда нафсини Аллоҳ таолога сотиб, яъни тоат-ибодат қилиб, гуноҳ-маъсиятлардан сақланиб, нафсни дўзахнинг аламли азобидан озод қилади. Ё шайтонга эргашиб, ҳалол бўлмаган ишлар билан машғул бўлиб, ўз нафсини ҳалокатга учратади ва жаннатнинг бебаҳо неъматларидан бебаҳра қолади.

Манбалар асосида Баҳриддин ЖЎРАБЕК ўғли тайёрлади.