Ҳазрат Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Ҳар бир инсон хатокордир. Уларнинг яхшиси кўп тавба қилувчилардир!” (Имом Термизий, Ибн Можа ривояти).
 
Шарҳ: Банда борки, хато-нуқсон ва гуноҳу исёндан холи бўлмайди. Ногоҳ бир хато қиламиз ёки адашиб қоламиз, янглишиш­ларга йўл қўямиз. 
 
Аллоҳ таоло Ўзининг раҳмати ва марҳамати билан заиф, ожиз ва шикаста бандаларга тавба эшигини очган. Лутф қилиб бандасини тавба қилишга, Ўзига қайтишга буюрган. Гуноҳ қилишганида ҳам, айб ишлар билан юзи қора бўлганида ҳам, банданинг гуноҳлари ҳисобсиз бўлса ҳам, номаи аъмоли маъсият билан қорайиб кетган ҳолда ҳам ёлғиз Ўзига юзланишни амр этган. Аллоҳ таолонинг карами шундай улуғ, ҳамма нарсадан кенгдир. 
 
Ҳадиси шариф мазмунидан кўп тавба ва истиғфор айтувчилар фазлининг ортиқлиги маълум бўляпти. Зеро, сидқидилдан тавба қилувчи гуноҳ қилмагандек ундан пок бўлиши ҳақида ҳадисларда хабарлар келган. 
 
Гуноҳдан тавба қилувчи гўё гуноҳ қилмагандекдир. Демак, тавба қилиш ва истиғфор айтишни кўпайтириш банданинг гуноҳ ва камчиликларини йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлади. Ҳадис мазмунидан яна шу аёнки, гуноҳ катта бўладими ёки кичикми, у тавба қилиш билан кечирилади. Банда ҳар қандай камчилик ва хатоси ҳамда билган ва билмаган нотўғри ишлари учун тавба қилиши зарур. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен ўзим ҳар куни 100 маротаба истиғфор айтаман, сизлар ҳам истиғфор айтинглар ва тавба қилинглар”, деганлар.
 
"Астағфируллоҳа ва атубу илайҳ. (Маъноси: Улуғ Аллоҳдан мағфират сўрайман ва Унга тавба қиламан)". 
 
Уламолар мазкур истиғфорни кўп айтиб юришни тавсия қилганлар. Сидқидилдан айтилган бу калималар нафақат гуноҳларимизга каффорат, балки қалбимизни ҳам мунаввар этиб, руҳимизни енгил, кайфиятимизни чоғ қилади. Шундай экан, хатоларимизга мағфират сўраб, тавба қилувчи бандалардан бўлайлик.
 
Тошкент шаҳридаги “Яккасарой” 
жоме масжиди имом-хатиби 
Зокиржон ШАРИПОВ тайёрлади.