Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Доимо рост гапиринг. Зеро, ростгўйлик яхшиликка олиб боради. Яхшилик эса жаннатга етаклайди. Киши рост гапиришда бардавом бўлаверса, Аллоҳнинг ҳузурида у “сиддиқ” (фақат рост сўзловчи) деб ёзилади. Ёлғончиликдан сақланинг. Чунки ёлғон бузуқликка етаклайди. Бузуқлик дўзахга олиб боради. Киши давомли ёлғон гапираверса, Аллоҳнинг ҳузурида у “каззоб” (ёлғончи) деб ёзилиб қолади”, дедилар» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Муқаддас динимиз ростгўйликни тарғиб қилувчи диндир. Ростгўйлик борасида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган.
Ҳадиси шарифда Набий (алайҳиссалом) ростгўй инсоннинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мақомини баён қилиб берганлар. Ростгўй инсон жаннатга кириши ва у Аллоҳ таоло ҳузурида “сиддиқ” деб сифатланишини эшитган ҳар бир мусулмон, шубҳасиз, ростгўй бўлишга интилади. Ҳамма ростгўй бўлса, жамият ҳаёти ижобий томонга ўзгаради. Уламоларимиз: “Ростгўйлик дилингдаги ҳақиқатни тилингга чиқаришинг­дир”, дейишган. Демак, ибодатда, инсонлар билан муомалада, олди-сотди, никоҳ ва бошқа масалаларда  кишининг дили билан тили бир бўлиши лозим.
Ҳадиси шарифда ростгўйлик ва унинг мукофоти баён этилгач, унинг акси бўлган ёлғончиликдан қайтарилади ва унинг оқибати ҳақида хабар берилади: ­«…Ёл­ғон­чилик­дан сақ­ланинг. Чунки ёлғон бузуқликка етаклайди. Бузуқлик дўзахга олиб боради. Киши давомли ёлғон гапираверса, Аллоҳнинг ҳузурида у “каззоб” (ёлғончи) деб ёзилиб қолади».
Уламоларимиз: “Омонатга хиёнат қилиш ва бошқаларнинг рост сўзини билатуриб, тасдиқламаслик ҳам ёлғондир”, деганлар. Ёлғон гапириш динимиз ҳаром қилган амаллардандир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўмин ёлғончи бўлмаслигини айтганлар.
Ёлғон гапирувчи доим сири фош бўлиб қолишидан қўрқиб яшайди. Биттагина ёлғончи пайдо бўлган жамиятда чигаллик­лар содир бўла бошлайди. Агар ёлғончилар сони кўп бўлса-чи? У ҳолда жамиятда ўзаро ишонч йўқолади. Ҳеч ким бир-бирига ишонмай қўяди.
Ҳозирги глобаллашув даврида энг асосий муаммога айланган иллатлардан бири ёлғон ахборотдир. Интернетда киберқаллоблар ва экстремист-террорчи оқимлар ёлғон ишлатиб, инсонларни адаштирмоқда. Ҳар хил қиёфаларга кириб, қабиҳ режаларини амалга оширмоқда. Ҳадисда айтилганидек, уларнинг ёлғонлари улкан бузуқликларга йўл очмоқда. У бузғунчилар, агар вақтида тавба қилиб, манфур қилмишларини тўхтатишмаса, борар жойлари ҳам ҳадисда аниқ баён этилган: “Бузуқлик дўзахга олиб боради!” Бу авбошлар муқаддас Ислом динимизнинг пок номини туҳмат ва бўҳтонлар билан булғашга уринади. Ундай ғаламис кимсаларнинг қилган бузғунчиликлари сабабли динимиз ва мусулмонлар номига номаъқул гаплар айтилмоқда, таъна тошлари отилмоқда. Ўйлаб қаралса, буларнинг барчаси ёлғоннинг ортидан келиб чиқмоқда. Ҳадиси шарифда ёлғоннинг қаттиқ қораланиши сабаби мана шу ўринда ҳам, айниқса, яққол ойдинлашади.
Демак, биз динимиз софлигини сақ­лашни ва жамиятимиз гуллаб-яшнашини истасак, ёлғонга йўл бермаслигимиз лозим. Ҳамма аъзолари тўғрисўзликка интилган жамият эса ўсиш ва ривожланишда давом этаверади.
 
Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Қирқ ҳадис” асари асосида
Тошкент Ислом институти 4-курс талабаси
Абдусамад ТОЖИДДИНОВ 
тайёрлади.