Иккинчи жаҳон уруши бошлангач, бошқалар қатори, минг-минглаб ўзбек ўғлонлари фронтга сафарбар этилди. Улар орасида Шеробод туманидаги Рабатак қишлоғидан Эшмирза Муҳаммадиев ҳам бор эди. Эшмирза ўзи каби ёш йигитлар билан фронтга кетар экан, уйимизга эсон-омон қайтиш насиб этармикан, деган ўйлар гирдобида қийналар эди. Эшмирза ўзи хизмат қилган қўшинда сурхондарёлик йигитлар борлигини эшитиб, излашга тушди. Термиз туманидаги Таллимарон қишлоғидан келган Ёрмуҳаммад билан танишгач, олис-олисларда қолган юртини кўргандай бўлди. Тез орада улар ака-укадек бир-бирига суянч бўлиб қолишди. Ёрмуҳаммад қўлини дуога очиб, Яратганга илтижо қилди: “Илоҳим, Ўзинг қўлла, жангда ғолиб чиқиб, юзимиз ёруғ бўлиб, уйимизга соғ-саломат қайтишни насиб эт”.
“Эшмирза, душманларни йўқ қилиб, уйга қайтиш насиб қилса, мен сени меҳмон қилиб, қўй сўяман. Эшмирза, сен Ватанимиз қовунини яхши кўрасан-а? Шомда қовунни сўйиб ўтов устига қўяман. Эрталаб олиб еймиз, ширин бўлади-да. Шу ниятларимиз ҳаммамизга насиб этсин”, деб дуо қилиб, Ёрмуҳаммад дўсти Эшмирзани бағрига босди. Шиддатли жангдан сўнг Эшмирза дўсти Ёрмуҳаммадни учратмади. Ва ниҳоят, 1945 йил уруш тугади.
Эшмирза соғ-саломат қайтиб, қиш­лоқдаги ишини давом эттирди. Уруш йилларидан сўнг, қақроқ ерларга сув келтириш учун Таллимарон каналини қазиш ишлари бошлаб юборилди. Рабатаклик ҳашарчилар билан Таллимаронга келган Эшмирза дўстининг тириклигини эшитиб, йиғлаб юборди. Одамлардан дўсти Эшмирза ҳам келганини эшитган Ёрмуҳаммад эса от чоптириб, зум ўтмай етиб келди. Икки дўст бир-бирларини узоқ вақт бағрига босиб, йиғлаб кўришдилар.
Ёрмуҳаммад фронтдаги воқеаларни эслаб, қилган дуосининг ижобати учун Аллоҳга шукр айтиб, дўсти Эшмирзани уйига чорлади. Қўй сўйиб, меҳмон қилди. Шомда қовун сўйиб, косалаб ўтовнинг устига қўйиб, эрталаб тонгда қовунни олиб йиғлаб-йиғлаб ейишди. Машъум уруш майдонларида қадрдон бўлиб қолгандан сўнг айрилган дўстлар орадан йиллар ўтиб қайта учрашгач, ўзаро дўстлик ришталари янада мустаҳкамланди. Фарзандлари, набираларини бир-бирларига таништириб, дўстлик ришталарини боғладилар. Мустақил, обод, доруломон кунларга Эшмирза ва Ёрмуҳаммад бобо етмаган бўлса-да, уларнинг зурриётлари бу кунларга етиб, боболарининг эзгу орзу-ниятларини амалга ошириб келмоқдалар.
 
Нишон ЭШМИРЗАЕВ,
Қизириқ туманидаги 26- ўрта мактаб 
бошланғич касаба уюшмаси раиси