• Рукни: Ибрат

Ўттиз еттинчи йили Сталин сиёсатининг талотўпларида Гурланнинг Амударё ёқасидаги “Вазир” қишлоғига Узоқ Шарқдан ва Приморье ўлкасидан корейслар кўчириб келтирилган. Йўл азобини оч-наҳор етиб келганларни ҳамқишлоқларимиз “Эшимжирон” пристанида кутиб олишди. Замона оғир, егулик тақчил. Шундай шароитда корейслар аҳолининг уйларига икки-уч нафардан бўлиб жойлаштирилган.

– Ўшанда жуда кўп қийинчиликларни бошимиздан кечирганмиз, – дея эслар эди Но И Сук исмли кекса онахон. – Бизга аталган озиқ-овқатлар роппа-роса бир йил кечикиб келган. Ўзбек оға-иниларимиз дастурхонида борини баҳам кўришди. Ҳеч ким оғринмади.

Шундай кунларнинг бирида  Но И Сукнинг беш яшар ўғли Семён қаттиқ касалланиб қолди. Иситмаси тушмай кундан-кунга аҳволи ёмонлашаверди. Доктор, дори-дармон йўқ. Корейсларнинг билганича қилган халқона амаллари наф бермади. Норасида онасининг кўзи олдида ёруғ дунё билан видолашиш арафасида.

Чиқмаган жондан умид, ҳамқишлоқларимиз овул чеккасида яшовчи Холжон момо деган табибни бошлаб келдилар. Момо беморни кўрди, бошини, бўйнини, оёқларини силади. Ўзича дуолар ўқиди. Негадир эзилиб йиғлади.

– Тузалиб кетишига умид бор, – деди у ниҳоят ҳаяжон билан, – бироқ менга бир дона товуқ керак!

Нон десангиз, кесак ғириллаб келадиган кунларда товуқни қаердан топасиз? Одамлар зоғорага зўрға етишиб турган бўлса… Корейс қардошларимиз ночор қолишди. Аёл дод солиб йиғлади. Не илож, осмон олис, ер қаттиқ. Шунда…

– Товуқ менда бор, – деди Холмурод исмли элдошимиз. – Ҳозир...

Шу тариқа Холмуроднинг бисотидаги ягона жонивор сўйилди. Холжон момо унинг гўштини етти бўлакка бўлиб, етти кунгача турли ўт-ўланлар қўшиб, шўрва қайнатиб, беморга ичирди. Ёнидан бир қадам жилмади, тилидан дуосини қўймади. Қаранг, тобора чўкиб бораётган бола ҳафта ўтгач, росмана оёққа турди. Тасодифни кўринг-ки, бемор тузалган куни табиб бандаликни бажо келтиради…

Афсонага ўхшаган бу воқеани  қишлоғимиз одамлари ҳали-ҳануз эслаб турадилар.

Но И Сук момо узоқ йиллар аввал вафот этди. Доим ўзбекларни алқаб, бўлиб ўтган бу воқеани ҳаммага ибрат тариқасида айтиб юрар эди. Ўғли Семён кексайган чоғида – ўн беш йилча аввал Узоқ Шарққа кўчиб кетди.

– Мен ўзбек деган бағрикенг халқнинг шарофати билан тирик қолганман, – дерди у ҳамиша фахр билан.

Содиқжон ИНОЯТОВ,
Гурлан тумани