Бу воқеани синглим Феруза ҳикоя қилиб берганди: “Янги келин бўлиб тушган кезларим... Саксондан ошган хаста қайнона бувим тўсатдан оғирлашиб қолди. У зўрға нафас олар, томоғидан сув ҳам ўтмасди.

Қайнотам эса волидасининг юзига юзини босиб: “Онажон, берган сутингизга рози бўлинг”, дея пичирларди. Тўрт кун шу алфозда ётган бувимиз ниҳоят кўзини аста очди.

Буни кўриб, барчамиз ғимирлаб қолдик. Қайнотам онасининг қўлларини силаб, ўпиб қўйди. Кампир ўғлига энгаш, дегандек ишора қилди. Қайнотам шошиб энгашди.

Она:

–    Болам, овқатингни едингми?.. – дея олди аранг.

Ҳаммамиз кулиб юбордик.

Онаизор калимаи шаҳодатни айтиб, жон таслим қилди”.

 

Билгучи – Эгам

Бир маросимда уч-тўрт киши гурунглашиб ўтирардик. Бир дўстим ёнидаги шеригидан сўради: “Қизингни узатдинг, энди ўғлингни ҳам уйлантирарсан?”, деди.

Шериги жавоб берди: “Йўқ, ҳали ўғлим ўқиши керак. Бу ёғи жой муаммоси ҳам бор. Биласан, онамиз тўқсондан ош­дилар. У киши бандаликни бажо келтирсалар, уч йилдан кейин келинни кампирни уйига тушираман”, деди.

Бу гапни эшитиб, устимдан муздек сув қуйилгандек бўлди. Ҳаммамиз ҳайратдан жим бўлиб қолдик.

Буни қарангки, бу инсоннинг хонадонида уч йилдан кейин тўй бўлди. Бироқ янги келин кампирнинг уйига эмас, қайнотасининг уйига тушди. Бир йил муқаддам юрак хуружидан вафот этган ўғилнинг уйига кампир неварасини уйлантирди.

Омонуллоҳ МУТАЛ