Дуогўйларимиз бўлмиш кекса ва ёши улуғларни ҳурмат қилиш ва эъзозлаш ҳар биримизнинг бурчимиз ва динимиз амридир. Ёши улуғлар билан кўпроқ суҳбатда бўлганларда виқор ва босиқлик ҳамда ҳамма нарсага ақл билан ёндашиш каби хислатлар шаклланади.

Зайнул Обидин ёши улуғлар тўғрисида бундай дейди: “Кексаларни ёши сабабли улуғлаш, Исломни биздан олдин билган ва таниганлари учун ҳурмат– икром қилиш бурчимиздир”.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Яхшилик (барака) катталарингиз билан биргадир” (Ибн Ҳиббон ривояти).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларнинг яхшиларингиз – ёши улуғларингиз ва амаллари гўзалроғингиздир”, дедилар (Ҳоким ривояти).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай огоҳлантирадилар: “Кичикларимизга раҳм қилмаган ва катталаримизнинг ҳақларини билмаганлар биздан эмас” (Имом Бухорий ривояти).

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Қайси ўсмир йигит кексаларни ҳурматласа, у қариганида уни ҳам ҳурматлайдиганларни Аллоҳ таоло тақдир қилади” (Имом Термизий ривояти).

Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Сизларга бирор қавмнинг улуғи келса, уни икром қилинглар” (Табароний ривояти).

Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сочига оқ тушган қарияни ҳурматлаш Аллоҳни улуғлашдандир”, дедилар (Табароний ривояти).

Саид ибн Мусайяб (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Иброҳим (алайҳиссалом) ... энг аввал сочига оқ тушган одам эдилар. Шунда у зот: “Эй Раббим! Бу (яъни, сочдаги оқ) нима?” дедилар. Аллоҳ таоло: “Виқор, ё Иброҳим!” деди. Иброҳим (алайҳиссалом): “Раббим! Менга виқорни зиёда қил!” дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан шундай нақл қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Яхши ишларнинг энг яхшиси киши отасининг қадрдонлари билан алоқаларни боғлашидир” (Имом Муслим ривояти).

 

Тошкентдаги “Аҳмаджон қори” жоме масжиди имом ноиби Жаҳонгир УБАЙДУЛЛОҲ тўплади.