"Ислом аҳли намозларида Имом Абу Ҳанифа ҳаққига дуо қилишлари вожибдир"[1] (Абдуллоҳ ибн Довуд Ҳурайбий).

Имоми Аъзам ҳижрий 80 (699) йили[2] Ироқнинг Куфа шаҳрида ипак сотувчи хонадонида дунёга келган. Асл исми Нўъмон ибн Собит ибн Зута Тамимий Куфий. Куняси Абу Ҳанифа бўлиб, бутун Ислом оламида “Имоми Аъзам” (“Улуғ Имом”) лақаби билан танилган. У киши имом, олим, ҳанафийлик мазҳаби асосчиси, ақида илми билимдони, буюк фақиҳ ва муҳаддис эди.

Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) ҳадис соҳасида ҳам катта ишларни амалга оширган. У ўз мазҳабини бино қилишда Қуръони карим, суннати Набавийя, саҳобаларнинг қавллари, ижмоъ ва қиёсга суянган. Ҳукмларни чиқаришда қиёс ва истеҳсонга бошқа олимлардан кўра кўпроқ мурожаат қилган. Баъзи кишилар: “Абу Ҳанифа раъй­ни ҳадисдан устун қўяди”, ёки “Қиёсни ҳадисдан устун қўяди”, деб айтишади. Бу гаплар асоссиздир. Абу Ҳанифа Қуръон ва суннатга асосланиб ҳукм чиқарган ва ҳеч қачон шу икки манбага таянмасдан, ўзининг шахсий фикрига асосланиб фатво бермаган. Уламолар бу масалани ҳар томонлама ўрганиб чиқиб: “Имоми Аъзам заиф ҳадисни ҳам қиёсдан устун қўяди”, деган хулосага келганлар. Бунга намозда қаҳқаҳа билан кулса, таҳорат кетиши ҳақидаги ҳадис, заиф бўлса ҳам, Имом Абу Ҳанифа уни қиёсдан устун қўйиб, қабул қилгани мисол бўлади.

Имом Абу Ҳанифанинг ўзи бу ҳақда: «Аллоҳга қасам, ким бизни “қиёсни насс ­(яъни, оят-ҳадис)дан устун қўяди” деса, ёлғон айтибди ва бизга туҳмат қилибди. Насс бўлгандан кейин қиёсга ҳожат қолармиди?!» дейди.

Имом Абу Ҳанифа масаланинг ҳукмини чиқаришда тутган йўлини бундай баён этган: “Мен масала ҳукмини билиш учун, аввало, Қуръони каримга мурожаат қиламан, керакли ҳукмни ундан тополмасам, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатлари ва у кишидан ишонарли ровийлар орқали келган саҳиҳ ҳадислардан излайман. Агар Қуръони карим ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларидан тополмасам, саҳобаларнинг сўзларига қарайман, уларнинг сўзлари турганида бошқанинг сўзини олмайман. Агар иш Иброҳим Нахаъий, Шаъбий, Ҳасан Басрий, Ибн Сирин ва  Саъид ибн Мусаййаб каби ижтиҳод қилувчиларга (тобеинларга) тақалса, ўзим ҳам улар каби ижтиҳод қиламан”.

Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) даврларида зиндиқ ва бидъатчиларнинг ҳадис тўқиши кўпайган эди. Шунинг учун мазҳаббошимиз ҳадисларни қабул қилиш борасида қаттиқ шартлар қўйган.

Имом Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) фақат ёддан билган ҳадисларинигина айтар, агарда ҳадисдан озгина жойи ёдидан чиқса ёки ҳадиснинг ибораси ҳақида озгина шубҳаланса, ўша ҳадисни айтмас эди. Яҳё ибн Маъин айтади: “Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) ишончли ровийлардан бўлиб, фақат ўзи мукаммал ёддан билган ҳадисларнигина гапирадиган, ёддан билмаган  ҳадисларини гапирмайдиган зот эди”[3].

“Муъжам ал-мусаннифин” китобининг муаллифи айтади: “Тақволи муҳаддислар тоифасидан бўлган кўпгина уламолар Имом Абу Ҳанифадан ҳадис ривоят қилганлар. Жумладан, Абу Бакр Муҳаммад ибн Иброҳим Исфаҳоний (ваф. ҳиж. 381 й.), Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Даврий Бағдодий (ваф. ҳиж. 331 й.), Имом Садриддин Мусо Мисрий (ваф. ҳиж. 618 й.) ва бошқалар”.

Шунингдек, Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)­нинг шогирдлари ҳам у кишидан кўплаб ҳадислар ривоят қилгани маълум. Жумладан, Ҳасан ибн Зиёд Луълулий (ваф. ҳиж. 204 й.) устозидан кўпгина ҳадислар ривоят қилган. Имом Абу Юсуф (ваф. ҳиж. 182 й.), яна бир шогирдлари Имом Муҳаммад (ваф. ҳиж. 187 й.) ва Имоми Аъзамнинг фарзанди Ҳаммод ибн Нўъмон ибн Собит ҳам у кишининг “Муснад”ини ривоят қилишган ҳамда уни тартибга солиб, яхлит асар ҳолига келтиришган.

Абу Муаййид Хоразмий (ваф. ҳиж. 665 й.) Абу Ҳанифанинг ҳадисларини тўплам шаклига келтириб, “Жомеъ ал-масонид” деб номлаган. Бунда ҳадисларни фиқҳий боблар тартибида жамлаб, такроран келган ҳадисларни тушириб қолдирган. Бу китоб Ҳиндистонда чоп этилган. Абу Муҳаммад Ҳорисий деган олим ҳам Имом Абу Ҳанифанинг “Муснад”ини ривоят қилган.

Жумладан, ўз асрининг етук алломаси ва ҳадис илмининг устози деб ном олган Абул  Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Саъд Куфий (машҳур номи “Ибн Уқда” бўлиб, ваф. ҳиж. 332 й.) ҳам Имом Абу Ҳанифадан ҳадислар ривоят қилган. Бадриддин Айний ўзининг “Тарих ал-Кабир” (“Катта тарих”) китобида айтади: «Абу Ҳанифанинг Ибн Уқда ривоят қилган “Муснад”и мингдан зиёд ҳадисни ўз ичига олган».

Валийуллоҳ Деҳлавий ҳам китобида муҳаддис Исо Жаъфарий Мағрибий (ваф. ҳиж. 1080 й.) Абу Ҳанифанинг “Муснад”ини, санадини Абу Ҳанифага еткизган ҳолда ривоят қилганини ёзади[4].

Хатиб Бағдодий Исроил ибн Юнуснинг бундай деганини айтади: “Нўъмон  қандай ҳам олижаноб инсон эди, фиқҳга оид бўлган ҳар бир ҳадисни ёддан билар, бундай ҳадисларни излаб топиб, ундаги фиқҳий масалаларни ниҳоятда яхши тушунтирар эди”.

Ибн Қайюм айтади: “Нўъмон ўзи яшаб турган шаҳардаги барча ҳадисларни тўплаб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётларининг сўнгги давридаги суннатларини танлаб олган эди”.

Яҳё ибн Маъин айтади: “Вакиъ Абу Ҳанифанинг фикрига таяниб, фатво берар эди. У Абу Ҳанифа ривоят қилган барча ҳадисларни ёддан билар эди, чунки Абу Ҳанифадан кўпгина ҳадислар эшитган эди”.

Ибн Маъин яна айтади: “Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) ҳадис ривоят қилишда ишончли ровийлардан ҳисобланар эди, бирон киши унинг ривояти заиф деганини мен эшитмадим”[5].

Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳижрий 150 (767) йил Бағдодда Имом Шофиъий таваллуд топган куни вафот этди. Умрининг 52 йилини умавийлар ҳукмронлик қилган даврда, 18 йилини эса аббосийлар ҳукмронлик қилган даврда яшади.

Юртимизда ҳам мазҳаббошимиз Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг “Ал-фиқҳ ал-акбар”, “Ал-олим вал мутааллим” ва “Муснад” каби асарлари ўзбекчага таржима қилинди. У зот ҳақида “Имоми Аъзам”, “Буюк Имом Абу Ҳанифа” ва шу каби китоб­лар нашр қилинди.

Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) асарлари ҳозирги кунда чиқаётган ҳар хил бузғунчи оқимларнинг пуч даъволарига раддия бўлади.

 

Олим ЖЎРАЕВ,

Имом Бухорий халқаро маркази

Ҳадисшунослик бўлими мутахассиси



[1] Заҳабий. Маноқибул Имом Абу Ҳанифа. 19-бет.

[2] Қози Абу Абдуллоҳ Ҳусайн ибн Адий Саймирий. Ахбар Аби Ҳанийфа ва асҳабиҳи. Байрут. 1405/1985.

[3] Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ибн Абдурраҳим Муборакфурий. Туҳфатул аҳвази би шарҳи жомиъит-Термизий. – Байрут. 2-жилд. 368-бет; Аҳмад ибн Али Абу Бакр Хатиб Бағдодий. Тарихи Бағдод. – Байрут. Дорул кутуб илмийя. 2009. 13-жилд. 449-бет; Шамсиддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Заҳабий. Сияр аълом ан-нубало. 11-жилд. 479-бет.

[4] З. Қодиров. Имоми Аъзам (ҳаёт йўли ва фиқҳ усуллари). – Тошкент: «Мовароуннаҳр», 1999 й. 99-бет.

[5] З. Қодиров. Имоми Аъзам (ҳаёт йўли ва фиқҳ усуллари). –Тошкент. «Мовароуннаҳр», 1999. – 101-бет.