Талабалик йилларимиз собиқ шўролар даврига тўғри келган. У пайтларда Фар­ғона­дан Тошкентга поездда қатнардик. Ўша кезларда оппоқ соқолли, юзларидан нур ёғилиб турадиган отахон бир воқеани ҳикоя қилиб берган эди:
«Э-э болам, менинг бошимдан нималар ўтмади дейсан! Энг аламлиси, ўғилларимдан бири энди вояга етиб уйланадиган бўлганда, бутун баданига “оқ доғ”лар тошиб кетса бўладими? Бормаган шаҳаримиз, кўрсатмаган врачимиз, қилмаган дори-дармонимиз, учрамаган табибимиз қолмади! Онаси сиқила-сиқила, ётиб қолди. Турмушдан барака учди, сотиб харжлагани уйимизда ҳеч нарса қолмади, қийинчилик бошланди... Нима қилишга ҳайронман, бошим қотгандан-қотди...
 
Шундай кунларнинг бирида чойхонадаги бир мўйсафид тушкунлигимни пайқаб: “Мунча хафа кўринасиз, ука, тинчликми?” деб сўраб қолди. Дардим сал енгиллашармикан, дея юрагимни ёрдим. «Сизга бир нарсани айтайми, – деди раҳми келиб қария, – “Аллоҳнинг раҳматидан кофир қавмгина ноумид бўлади”, бу Аллоҳнинг сўзи, яъни ояти карима!” Туннинг ярмидаги дуолар бешак ижобат бўлиши ҳақида кўп эшитганмиз. Ва яна: “Отанинг фарзанди ҳақига қилган дуоси пайғамбарнинг қавмига қилган дуоси кабидир”, мазмунидаги ҳадиси шариф ҳам бор. Аллоҳ фарз қилган барча амалларни вақтида бажарасиз, ҳар кеча соат бир ёки иккида турасиз. Таҳажжуд намозини ўқиб, йиғлаб Аллоҳдан шифо сўрайсиз. Шуни, ҳеч бўлмаса, беш-олти ой канда қилмай бажариб кўринг, шифосини берса, Ўзига осон...”
 
Фарзанд ширин эмасми, олти оймас, икки ярим йил кечалари, йиғлаб-ёлвориб болагинамга шифо сўрадим. Раҳматидан айланай, Ўзи шифо берди! Кўп ўтмай ўғлим бутунлай тузалиб кетди. Хурсандчилигимизнинг чеки йўқ эди. Онасиям оёққа турди, уйимизга барака ҳам қайтди! Қувончимизни сиғдиргани еру осмон кичкиналик қилиб қолди!..»
 
Турсунали ЮСУПОВ,
Риштон тумани