Ўтган йили олтин куз фаслининг қуёшли кунларидан бирида Узун тумани тиббиёт бирлашмаси жарроҳлик бўлимига кўп йиллар раҳбар бўлган, нафақадаги олий тоифали жарроҳ, Муродуллахон Салимов тўсатдан қазо қилди. Марҳумнинг жанозасига тумонат одам йиғилди. Жанозадан сўнг уйга қайтар эканмиз, ҳамроҳим марҳумнинг яхши фазилатларидан бири ҳақида сўзлай кетди: «Бу воқеага салкам ўттиз йил бўлиб қолди. Бавосир (геморрой) касали билан оғриб юрардим. Муродуллахонни тажрибали, қўли енгил жарроҳ деб эшитган эдим. Дард мени кундан-кун ўз исканжасига оларди. Ниҳоят, чидай олмай, бир куни Муродуллахоннинг ҳузурига шифо истаб бордим. Муродуллахон менга бўш стулни кўрсатиб: “Ўтиринг, аввал бир оз суҳбатлашайлик, ахир сиз билан қадрдонмиз-ку!” дея мулозамат кўрсатди.

Суҳбатимиз унинг шундай ташҳис билан келган кўп беморларни касаллик ҳолатига қараб, жарроҳлик амалиётисиз, бир оғиз ширин сўз билан даволаб келгани ҳақида борди ва менга бундай маслаҳат берди: “Биламан, сиз зиёли одамсиз, аммо намозхон эмассиз. Кундалик ҳаётингизда обдастадан фойдаланмайсиз, чамамда. Акс ҳолда, ҳозирги аҳволга тушмаган бўлардингиз. Дўстим, сизни даволашда, аввало, халқона усулни қўллаб кўрамиз. Шу бугундан эътиборан обдастани ўзингизга дўст деб биласиз ва ҳар гал ҳожатга борганингизда илиқ сув билан покланиб юрасиз. Иш жойингизда, сафарга чиққанингизда бошқа идишлардан фойдалансангиз ҳам бўлаверади. Бундан ташқари, ҳар куни эрта тонгда уйқудан уйғонишингиз биланоқ 0,5 литр миқдорида қайнатилган сувни бироз илиқ ҳолда ичасиз ва овқатланмай,ярим соат ҳовлида сайр қилиб юрасиз. Бу эса қабзиятнинг олдини олади. Бу муолажа усулини канда қилмай бажарасиз. Аллоҳ насиб этса, 4–5 ой ичида касалликдан бутунлай фориғ бўласиз. Бу усул ҳаётда синаб кўрилган, ўзини оқлаган. Ҳузуримга келган кўплаб беморлар шу халқона усул билан шифо топишган. Сиз ҳам ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетасиз, иншоаллоҳ. Агар бу муолажа усули сизга наф бермаса, кейин жарроҳлик амалиётини ўтказамиз”.

Жарроҳ тавсияларига риоя қилиб, олти ой ичида бавосир касаллигидан батамом халос бўлдим. Энг муҳими, шу дард баҳона, Аллоҳ буюрган фарз амалларни адо этишга киришиб кетдим: беш вақт намоз, рўза ва бошқа солиҳ амалларни адо этадиган бўлдим. Ҳозир руҳим анча тетик, соғлиғим яхши. Фарзандларимизнинг барчасини уйли-жойли қилиб бўлдик. Аёлим билан ҳажга бориш ниятида ариза бериб, навбатда турибмиз».

Ҳамроҳимнинг ҳикоясидан кейин динимиздаги ҳар бир амал албатта бир ҳикматга эга эканига яна бир бор амин бўлдим, мусулмон қилиб яратгани учун меҳрибон Аллоҳга ич-ичимдан шукроналар айтдим...

Эштемир АШУРОВ,

Узун тумани,меҳнат фахрийс