Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ. Ҳурматли муфтий ҳазратлари!
 

САВОЛ: Биз томонларда (Қашқадарё вилоятининг туманларида) марҳумларга атаб "пайшанба", "йигирма" ва "қирқ" каби маросимларни ўтказиш ҳамон давом этмоқда. Баъзи одамларга бундай қилиш динимизда йўқлигини қайта-қайта тушунтирилса ҳам, улар қабул қилишни исташмаяпти. Айрим маҳаллий “муллалар”нинг ўз нафсини ўйлаб, дин номидан бундай маросимларни ўтказса бўлади, деб фатво бериб юбораётгани ҳам бу бидъатларнинг халқимиз ҳаётидан батамом йўқ бўлиб кетишига тўсқинлик қилмоқда. Муҳтарам Муфтий ҳазратлари! Илтимос, гарчи бу масалага кўп бор жавоб берган бўлсангиз ҳам, яна бир тушунча беринг, зора қишлоғимиздаги “Ҳидоят” журналининг кўп сонли мухлислари сизнинг фикрингизни ўқиб, қабул қилишса...
 
ЖАВОБ: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Аммо баъд... Сиз ёзганингиздек, бу масалага жуда кўп жавоб берилган. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолар кенгашининг Фатвоси ҳам чиққан. Ҳақни қабул қиладиган, билганига амал қилишга интиладиган мусулмон ҳаром, макруҳ ва бидъат ишларни қилмаслиги керак.
Баъзи уламолар мазкур маросимларни бидъат, жоҳилият одатларидан деган бўлсалар, баъзилари макруҳ дейишган. Шуни яхшилаб тушуниб, билиш лозимки на макруҳда ва на бидъатда савоб бор. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) диндаги ҳар қандай бидъат залолат эканини айтганлар.
Баъзи кишилар бундай маросимларни давлатмандликларини ҳаммага кўрсатиш учун, хўжакўрсинга уюштиришади. Ваҳоланки, риё учун қилинган ҳар қандай ишда хайр йўқ, унга савоб ҳам ёзилмайди. Аксинча, киши ундай қилмиши учун гуноҳкор бўлади. Ундай маросимларда савоб бўлмагач, марҳумга асло нафи етмайди. Динимиз енгил диндир. Киши кундалик еган-ичганининг, беш вақт ўқиган намозининг савобларини, муҳтожларга холисона ёрдам бериб, ўксик кўнгилларга хурсандчилик улашиб, уларнинг савобини ўтганларнинг руҳониятига бағишласа, улар ҳақларига истиғфор айтса, шубҳасиз, уларга савоби етади, охиратда даражалари кўтарилади.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардикки, илмий салоҳияти бўлмагани ҳолда, одамларга фатво бериш, кишининг ўзи учун ҳам, унга эргашганлар учун ҳам икки дунёда аянчли оқибатларга олиб келади.
Азиз мўмин-мусулмон юртдошларимиз илмсиз, жоҳил кимсалардан фатво сўрамасинлар. Зеро, улар дин йўлининг қароқчиларидир!
 
 
САВОЛ: Жамоат намозининг иккинчи ёки учинчи ракатда келиб қўшил­ган масбуқ сано (“Субҳа­накал­­лоҳум­ма...”)ни қачон ўқий­ди?
 
ЖАВОБ: Имомга биринчи ракатда иқтидо қила олмаган киши, яъни масбуқ Имом овоз чиқариб қироат қилаётган бўлса, саҳиҳ қавлга кўра сано ўқимайди (“Хулоса”, “Тажнис”, “Важизул Кардарий”). Бунда масбуқнинг имомга яқин ёки узоқ масофада туриши ва имомнинг қироатини эшитиши ё эшитмаслигининг фарқи йўқ (“Хулоса”). У масбуқ имом, имом салом бергач, етиша олмаган ракатларни ўқиш учун турганда сано, таъаввуз ва басмала айтиб, фотиҳа билан битта зам сура ўқийди (“Қозихон”).
Масбуқ имомга иқтидо қилганда, имом махфий қироат қилаётган бўлса, сано ўқийди. Имомга руку ё саждада етишган киши қарайди: агар сано ўқиб, руку ё саждани имом билан қилишга кўзи етса, сано ўқийди. Бунга кўзи етмаса, сано ўқимайди ва имомга эргашади. Имомга қаъдада эргашган масбуқ сано ўқимайди, дарҳол “Аллоҳу акбар”, деб қулоқ қоқиб, ўтиради (“Баҳрур роиқ”).
 
 
САВОЛ: Кейинги пайтда тиззаларим яхши букилмайдиган бўлиб қолди. Дори-дармон қилиб кўрдим, сиҳатгоҳларга бордим, фойдаси бўл­мади... Шу сабабли намозни ўтириб, оёқларимни қиблага узатиб ўқисам бўладими?
 
ЖАВОБ: Қиёмда тик туришга, ё сажда қилишга қодир бўлмаган кишилар намозни ўтириб, имо-ишора билан ўқишлари керак. Саждаларни рукудан кўра кўпроқ эгилиш билан адо этишади (“Қозихон”). Бунда ўзи учун қулай бўлган ҳолда, оёғини қиблага ҳам узатиб ўтириши мумкин.
 
 
САВОЛ: Яқинда масжидда бомдод намозидан кейин бир одам бизга қараб: “Масжид хонақоҳида қўл бериб сўрашиш макруҳ экан, хонақоҳ­дан ҳовлига чиқай­лик” деб қолди.  “Ҳидоят” журналининг 2014 йил, 12-сонида бу ҳақида жавоб бор, аммо биз уни қандай тушунишни билмадик. Илтимос, шу масалада бизга яна тушунча берсангиз.
 
ЖАВОБ: Ҳақиқатан ҳам, масжид хонақоҳида қўл бериб кўришиш-сўрашиш, дунёвий гап­ларни гапириш макруҳдир (“Фатовойи Оламгирия”). Зеро, хонақоҳ фақат Аллоҳ тао­лони зикр қилиш ва ибодат билан машғул бўлиш жойидир.
 
Нўъмон АБДУЛМАЖИД 
ёзиб олди.