Диёримиздан етишиб чиққан, аҳли сунна вал жамоа ақидасига доир бебаҳо асарлар муаллифи, буюк олим Имом Абдуллоҳ Насафий “Абул Баракот” куняси билан машҳур бўлиб, Ҳофизиддин, яъни “Динни сақловчи”, “Уламолар юлдузи”, “Миллат ва дин мақтови” деб эътироф этилган.

Абул Баракот Насафийнинг туғилган йили аниқ эмас. Айрим манбаларда 610 ёки 620 ҳижрий саналардан бирида Хуросон ва Исфаҳон ўртасидаги Ийзаж шаҳрида туғилган деб тахмин қилинади. У ўз замонасининг машҳур уламолари Имом Муҳаммад ибн Абдусаттор Кардарий, Али ибн Муҳаммад Али Бухорийдан фиқҳ, усул, ақида, луғат илмлари бўйича таҳсил олган. Имом Ҳусайн ибн Али, Ҳажжож ибн Али каби олимлар Имом Абул Баракот Насафийнинг шогирдларидандир.

Имом Абул Баракот Насафий бир қанча асарлар ёзган, кўплаб китобларга шарҳлар битган, тафсир, ақида, фиқҳ, усулул фиқҳ соҳаларига доир асарлари ҳам бор. Олимнинг “Умдатул ақоид” (Ақидалар асоси) китоби ҳақида “Кашфуз зунун” соҳиби бундай дейди: “Бу китоб инсонлар қалбидаги имоний ақидаларни поклашга кифоя қиладиган калом илмининг муҳим қоидаларини ўз ичига олган мухтасар асардир”. Китоб илк бор Лондонда 1843 йили “Аҳли сунна вал жамоа ақидасининг асоси” номи билан чоп этилган эди. Муаллифнинг ўзи бу китобига “Ал-эътимод фил эътиқод” номли шарҳ ҳам битган.

Қуйида аллома Абул Баракот Насафий­нинг баъзи асарларини санаб ўтамиз:

“Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил”. Китоб Қуръони карим тафсири бўлиб, “Тафсири Насафий” номи билан шуҳрат топган. Замахшарий ва Байзовий тафсирларининг мухтасари ҳисобланади. Муаллиф сўзларнинг тузилиши, қироатлар ва балоғат илмлари ҳақида кўплаб маълумотлар келтиради. Хусусан, Имом Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) мазҳаби фиқҳий ҳукмларининг баёни ҳам бор.

“Канзуд дақоиқ”. Ҳанафий фиқҳидаги машҳур китоб бўлиб, ўз ичига турли масала ва фатволарни қамраб олади. Муаллиф бу асарида муайян ҳарфлар орқали баъзи олимларга ишора қилади. Масалан “Ҳ” ҳарфини Имом Абу Ҳанифага, “Қ” ҳарфини Имом Моликка, “Ф” ҳарфини Имом Шофиъийга, “С” ҳарфини Абу Юсуфга, “М” ҳарфини Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийга, “З” ҳарфини имом Зуфарга ишора қилиш учун қўллайди.

“Ал-Мусаффо шарҳул Мустафо”. Ушбу китоб Абу Ҳафс Умар Насафийнинг “Ал-Мустафо” номли назмий асари шарҳи бўлиб, у улуғ фақиҳларнинг сўзлари, фатволарини ўз ичига олади.

“Ал-Вофи фил фуруъ ва маа шарҳил кофий”. Бу китоб турли фатволар ва воқеаларни ўз ичига олади. Муаллифнинг ўзи унга бағишлаб шарҳ ёзди ва уни “Кофий” деб номлади.

“Манорул Анвор” китоби ҳанафий мазҳабининг усул фиқҳига оид энг машҳур асарлардан бири ҳисобланади. Аллома ушбу китобига “Кашфул асрор” номли мукаммал шарҳ ҳам ёзади.

Имом Абул Баракот Насафий асарларига уламолар томонидан кўплаб шарҳ битилиши унинг улуғ олим ва машҳур фақиҳ эканига далолатдир.

Имом Насафий ҳазратлари ҳижрий 710 йили, рабиул аввал ойининг жума кечасида Ийзаж шаҳрида вафот этади ва шу ерда дафн қилинади.

Абдулҳамид ТУРСУНОВ, ЎМИ фатво бўлими мудири