Деҳқон бир лаҳзада уруғ қадайди... Баҳор ташрифини, ер тобига келиб етилганини ва ивитилган уруғ ҳам тайёр бўлганини сезади. Деҳқон ерга қадаган уруғга Аллоҳ ҳаёт бахш этади. Мана шу лаҳза куз фаслида тоғ-тоғ хирмон бўлиб деҳқон меҳнатини шарафлайди.

Олим кашфиёт яратганини бир лаҳзада эълон қилади. Одамзодга фойдали бўлган бу кашфиётга етиб келгунча неча йиллар босиб ўтилмади?.. Аммо мана шу лаҳза учун ҳаёт кечирилди, курашилди, машаққатларга бардош берилди. Эътиборлиси, кашфиёт эълон қилинган лаҳза бутун инсоният учун абадий фойда келтириб турадиган қувончли воқеанинг бошланиши бўлди.

Фарзандингиз ўқишда ё ишда муваффақият қозонди. Қалбингиз қувончи оламга сиғмайди. Бу лаҳзаларга етиб келгунча озмунча лаҳзаларни меҳнат ва машаққатлар билан ўтказмадингизми?!

Лаҳзалар шонли ва баракотли бир лаҳза учун йиғиладилар. Муҳими, қувончли бир лаҳзага етмоқ учун шонли умр лаҳзаларини қадрлай билиш! Ўша лаҳзани топа билиш, ғафлатда қолмаслик. Келажакдаги қувонч мана шу, сиз эътибор бермаётган лаҳзада мужассам бўлиши мумкин. Кўзингизни очинг ва ихтиёрингиздаги лаҳзани қадрланг!

* * *
Куз фаслининг сокин ва ҳосилга бой кунлари. Илиқ нурларини сочиб қуёш уфққа яқинлашмоқда. “Москвич” маркали уловимда, ёнимда отажоним, онажоним ва жуфти ҳалолим бир яшар ўғлим билан орқа ўриндиқда, бахт ва қувончга тўлиб қайнотамникига меҳмонга бормоқдамиз. Йўл текис ва равон, машиналар ҳам кўринмайди.

Қўққисдан рўпарамдан катта тезликда келаётган енгил машина кўринди. Машина ўз йўлидан эмас, менинг рўпарамдан келар, даҳшатлиси, рулни бошқараётган ҳайдовчи кўзга кўринмас эди!..

Оралиқдаги масофа жуда тез қисқарди. Мен тормозни босишга ҳам улгурмадим. Воқеа кўз юмиб очгунча содир бўлди: хаёлимдан яшин тезлигида “Рулни тез чапга бур! Айланиб ўтиб кетасан!” деган фикр ўтди. Аммо қўлларим бу буйруққа бўйсунмади ва машинамни ўнг­га – йўлнинг шағал ётқизилган чеккасига бурди. Шу лаҳзада мен томон келаётган машинанинг ҳайдовчиси бошини кўтарди-ю, машинасини ўзининг йўналишига буриб юборди. Даҳшатдан юрагим музлади. Машиналаримиз юқори тезликда шохлашадиган қўчқорлардай бир-бирларига яқинлашдилар ва ... назаримда, оралиққа қил ҳам сиғмайдиган даражада ёнма-ён ўтиб кетишди.

Аёллар қўрққанларидан бақириб юборишди. Отам: “Ё Аллоҳ, Ўзингга шукр!” дедилар. Мен бўлиб ўтган воқеадан ҳали ўзимга келолмаган эдим. Ҳақиқатан ҳам, Аллоҳ асради. Мен ўз қўлларим ва хаёлимдан ўтган буйруқ орасидаги сирдан ҳайрон эдим. Фожеа юз беришига бир баҳя қолган эди. Чапга бурганимда даҳшатли тўқнашув юз бериши мумкин эди. Қўлим машинани ўнгга бургани қандоқ содир бўлди? Қўриқчи фаришта ёрдам бердими?

Нима бўлганда ҳам, бу лаҳза биз учун бахтли ва омадли сония эди. Балки қўлларим доимий равишда йўлнинг ўнг томонидан юришга одатланганидан ва бунга кўникма ҳосил қилганидан рулни беихтиёр ўнг томонга бургандир. Фикрим тиниқлашди – ҳа, аввало Аллоҳ асради ва одатий кўникма нажотимизга сабабчи бўлди.
Инсон доимо умр лаҳзаларини яхшиликка, яхши одатларга кўникма ҳосил қилишга сарфлаши керак. Аввало қалбини яхши ниятларга, тиниқ ва мусаффо фикрларга тўлдириши лозим. Кўзларини, қўлларини, оёқларини яхши одатларга, айниқса, тилини яхши сўзларни талаффуз этишга ўргатиши ва одатлантириши лозим.

Аллоҳ таолонинг амри ҳам, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннати ҳам шунга буюради. Ҳар қандай имтиҳон лаҳзаларига дуч келганда айнан мана шу яхши кўникма инсоннинг жонига ора киради, иншоаллоҳ.

Абдумутал ОТАБОЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилояти вакили ўринбосари