Бир қариндошим тўй қилди – энди институтни битирган қизини узатди. Куёв ҳам олий маълумотли. Икки ёш бир-бирларига маъқул бўлишган экан, қариндошим кўп чўзмай, сов­чиларга розилик бериб юборибди. 
 
Тўй камтарона, ортиқча харажатсиз, сиполик билан ўтаётганини кўриб, кейинчалик тўйбошининг заковатига тасанно айтишни ният қилиб қўйдим. 
 
Қудалар катта автобусда келишди. Аммо енгил автоуловларда келганларнинг саноғига етиш қийин эди. Ҳаммаёқни енгил машина босиб кетиб, одамлар пиёдалар йўлкасидан ҳам ўтолмай қолишди. Қуда тушмагур, жарчи ёллаб, тўйга чорлаганми, дейман.
 
Келганларга чой, ош тортилди. Меҳмон­навозлик, илтифот жойида бўлди. Фотиҳадан сўнг, одат бўйича, ҳамма тўйхона олдидаги майдончага тўпланди. Бир киши баланд овоз билан одамларни ўртага таклиф қила бошлади. Иккинчиси эса уларнинг елкасига чопон ёпарди.
 
“Карим бува, марҳамат қилинг!” “Йўлдош тоға, қайдасиз, бу ёққа чиқинг!” “Қобил ака, куёвнинг катта амакилари, хуш кўрдик!”
 
Шу зайлда ўн тўрт кишига чопон кийдирилди! (Уларнинг ичида куёвнинг ҳали мўйлаби чиқмаган укаси, икки куёв, қуда ишлайдиган ишхона раҳбари, маҳалла оқсоқоли, хуллас, обрў олиши керак бўлган яна кўпчилик бор эди.) Маросим охирида қуданинг ўзига эса импорт плаш ҳадя қилинди. (Кечқурун, жўралари билан келган куёвга зар чопон, жиғали салла кийдирилди!)
 
Диққат қилиб қарасангиз, бир-икки одамгина шу чопонни ўзи кийиши мумкин. Чунки одатда, кўпчилик ҳозир пальто, плаш, куртка кия­ди. Қолганлари бу чопонларни бола-чақалари тўй қилганда, қуда томондан келадиган азиз меҳмонларга кийдириш учун сандиқларга боссалар керак. Уларнинг чанг босиб, ранги кетиб, кейинги авлод тўйигача ётиши увол эмасми? Жамиятимизда ҳурмат қозонган кишиларнинг таваллуд тантаналаридаги чопон кийдиришларни кўриб, ҳайратга тушасиз. Беқасам, банорас чакмон, қимматбаҳо зарчопонларнинг саноғи йўқ. Таваллуди нишонланган акамиз шуларнинг қай бирини кийиб, ишхонасига борар экан? Шунинг учун ҳам чопонфурушларнинг бозори юришиб кетган бўлса, ажаб эмас...
 
Ўтмишимиз ҳақида сақланиб қолган кино­хроника кадрларни кўриб, аждодларимиз устидаги либослардан ҳайратга тушаман. Ҳамма чопонда. Аксарияти, жулдур, ямоқ босиб кетган. Ҳа, ҳаёт оғир бўлган. Иккита чопонли одамлар кам бўлган. Чопон кийиш катта воқеа ҳисобланган. Уруш даврини бошидан кечирган кекса авлод бунақа қийинчиликни яхши эслашади. 
 
Бугун тўйларда, юбилейларда, тантаналарда азиз одамларга шунча чопон кийдириш шартми? Шарт бўлса, албатта чопон кийдириш керакми? Шу одамларнинг ўзига зарур бўлган, кўнгли тусаган, хотирада қоладиган нарсалар тақдим этиш яхши эмасмикан? Кўп жойларда фақат қуданинг ўзига чопон кийдириш расм бўлган. Бу жуда тўғри, ҳамма жойда жорий қилса бўладиган тартиб. Маҳалла раҳбарлари, фаоллари бундай янгилик­ларни ўрганиб, ўзларида жорий этишда фаоллик кўрсатишлари зарур деб ўйлайман. 
 
Шу ўринда ачинарли мисол келтир­моқчиман. Бундан чамаси ўттиз йиллар аввал тошкентлик бир мансабдор Москвадан келган юқори мартабали амалдорни меҳмон қилган ва қимматбаҳо дўппи-чопон кийдирган. Вақт ўтиб, юртдошимиз Москвага навбатдаги сафари чоғида ҳалиги мансабдорнинг уйига (албатта, совға-саломлар билан) борган. Не кўз билан кўрсинки, мезбонга ўзи кийдирган қимматбаҳо чопон йўлакнинг бир бурчагида полга тўшаб қўйилган, устида катта ит беш-олтита кучукчалар билан ётибди! Мезбон эса хурсандчилигини бундай изҳор этибди: “Сен совға қилган чопон ўз ўрнини топди. Итимнинг тагига нима солсам экан деб бошим қотган эди. Шу совғанг менга жуда асқотди. Юмшоқ, тоза, асл матодан тикилган экан. Қара, итим ҳам жуда хурсанд. Сенга миннатдорчилик билдиряпти!”
 
Амалдор юртдошимизнинг ўша ондаги ҳолати менга номаълум. Аммо ҳозиргача алам қилади: ўзга халқнинг миллий урф-одатларига ҳурматсизлик шунчалик бўладими? Чопон, дўппи, атлас, маҳси, рўмол, палак, бошқа либосларимизнинг бари бизнинг миллий қадриятимиз, халқимиз меҳнатининг маҳсули, амалий санъат намунаси. Уларни ўзимиз қадрламасак, биров қадрига етмайди. Диққат қилсак, тўй ва бошқа маросимларимизда ислоҳга муҳтож одатлар ҳали бор. Юртимизда қарор топган фаровонлик, тўкинлик, тўқлик­нинг қадрига етайлик, азизлар!
 
Анвар ТОЖИЕВ,
журналистика фахрийси