Китоб – инсон маънавиятини юксалтириб, комиллик сари етакловчи кучли омиллардан биридир. Тарихий манбалардан маълумки, азал-азалдан доно халқимиз илмни қадрлаган, китобни севган ва ўзига дўст тутган. Юртбошимизнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривож­лантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармойишида дунё адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига ва ўзбек адабиётининг энг яхши асарларини чет тилларига таржима қилиш масаласига ҳам алоҳида аҳамият берилган. Маълумотларга қараганда, юртимиздаги музей ва кутубхоналарда жами 473698 та қўлёзма ва тошбосма китоб ҳамда араб ёзувида битилган ҳужжат мавжуддир.
 
Улуғ аждодларимиздан қолган улкан мерос – маънавий хазина ҳисобланган китобларни ўқиш ва ўрганиш зиммамиздаги масъулиятли вазифалар эканини асло унутмайлик. Буюк сиймоларнинг табаррук изларидан бормоқлигимиз, улар қолдирган илмий-адабий меросни ўрганмоқлигимиз ҳамда ҳикматлар хазинасидан баҳра олиб, ҳаётимизга татбиқ қилишимиз лозимдир. Зеро, жаҳон ва классик адабиётимизнинг мумтоз асарларини ўқиб-ўрганиб, ундан руҳий ва маънавий озуқа олган одамнинг ҳаёт йўллари ҳамиша чароғон бўлади. Чунки таълим ва тарбиянинг асосий негизи ҳисобланган китобда илму ҳикмат хазиналари, касбу ҳунар сирлари ҳамда одоб-ахлоқ ва муомала маданияти қоидалари мужассамдир. 
 
Илмга ошно бўлиб, китобни дўст тутишимиз ва севиб ўқишимиз бизларни абадий саодат сари етаклаб, бу ёруғ дунёда ҳам, охиратда ҳам азизу мукаррамликка эриштиради. Ҳадиси шарифда бундай баён қилинади: “Ҳазрат Сулаймон (алайҳиссалом)га мол-мулк ва илм танлаш ихтиёри берилганида у зот илмни танладилар. Шунда у зотга мулк ва мол ҳам ато этилди” (Дайламий ривояти).
 
Ҳадиси Қудсийда Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом)га: “Мен ўзим илму ҳикмат эгасиман ва барча олимларни яхши кўраман ва дўст тутаман”, деб марҳамат қилган. Илм ва унинг фазилатлари ҳақида Қуръони каримдаги оятлар ва Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг кўплаб ҳадислари тарғиб қилинишига қарамасдан, кейинги пайтларда айрим ёшлар адабий муҳитдан узоқлашиб қолмоқда. Кўнгилочар сайтларга маккорлик билан жойлаштирилган бузғунчи оқимларнинг вайронкор ғоялари ҳамда ёлғон ва пуч ваъдалари орқали баъзи ғўр ёшларимизни тўғри йўлдан адаштиришга ҳаракат қилишмоқда. Айниқса, эътиқод масаласида илми саёз ёшларни чалғитиб, онгини заҳарлашга уринишларидан биз ота-оналар асло кўз юма олмаймиз. 
 
Юртбошимиз: “Халқнинг аниқ мақсад сари ҳаракат қилиши, давлатманд бўлиши, бахтли бўлиб иззат-ҳурмат топиши, жаҳонгир бўлиши ёки заиф бўлиб хорликка тушиши, бахтсизлик юкини тортиши, эътибордан қолиб, ўзгаларга тобе ва қул, асир бўлиши уларнинг ўз ота-оналаридан болаликда олган тарбияларига боғлиқ”, деб куюнчаклик билан таъкидлаганида бир олам маъно бор.
 
Маънавий таҳдидлар ва мафкуравий хуружлар авж олган ҳозирги даврда зукко ва зийрак  ёшларимиз разолатга элтувчи, қабиҳ ниятли ғанимларнинг ғаразли мақсадларини ўз вақтида англаб, ижтимоий ва диний муҳитни бузишга қаратилган ташвиқотлардан доимо огоҳ бўлишлари керак. Уларга қарши маърифий кураш усулларини билиш ва етарли даражадаги билимга эга бўлишлари учун ҳам китоб мутолааси муҳимдир.
 
Иззатуллоҳ ТУРҒУНОВ,
Шаҳрихон тумани 
бош имом-хатиби