• Рукни: Ўгит

Оила – муқаддас даргоҳ. Ҳар бир инсон буни доимо ёдда сақламоғи, уни асраб-авайламоғи даркор. Жамиятимизда янги оиланинг барпо этилиши энг гўзал, бир умр ёдда қолувчи ҳодисадир. Шунинг учун ҳам тўйни бутун қариндош-уруғлар, дўстлар шодиёналикда нишонлашади. Ҳеч ким ҳеч қачон бир муддат яшаб, кейин ажрашиш учун оила қурмайди. Оила деган даргоҳ катта мақсадлар, орзу-умидлар устига қурилади. Аммо унинг барбод бўлишига баъзида ҳатто бир сўз ҳам кифоя бўлиб қолиши мумкин. Давлатимиз гуллаб-яшнаб, халқимиз фаровонлиги тобора ўсаётган бир пайтда, афсуслар бўлсинки, оилавий можаролар, ажрашишлар учрамоқда. Бу жараёнда энг мураккаби – айрим хотинларнинг талаблари, қайсарликлари, инжиқликларини енгиб ўтиш қийин кечмоқда.
Муҳтарама онахонлар, аёлларимиз ҳақ гапни айтганимиздан ранжимасинлар. Тўқликка шўхлик деганларидек, кераксиз одатларнинг ихтирочилари ҳам асосан аёлларимиз бўлиб қолмоқда. Бу оила бошлиғи – эркакни анча оғир аҳволга солиб қўймоқда. Масалан: келин-куёвнинг тўй либосларини кўз олдимизга келтирайлик. Куёвтўра гўёки қадриятларимиз сақлангандек миллий чопон, салла кийиб ўтиради. Лекин келинпошшанинг куёв ёнида европача кийиниб ўтиришлари-чи?! Бу миллийлигимизнинг қайси мезонларига тўғри келади?
Очиғини айтиш керак, бугунги кунда айрим қиз узатаётган оналар эри билан маслаҳатлашмайди, маҳалланинг фикри билан ҳеч ҳисоблашмай қўйишди.
Кибр, манманликдан озгина чекинсак, олам-олам савобга эришиш баробарида, ёш оиланинг мустаҳкамлигини ва чексиз бахт-саодатга эришишини таъминлаган бўлардик.
Қадимдан ақлли, доно, билмаганини тажрибали одамлардан сўраб, китоблардан ўқиб ўрганган аёлларимиз кўп бўлган. Шу ўринда тарихий бир ибратли ҳикояни келтириб ўтмоқчиман.
Бир куни Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳузурига бир аёл келиб, бундай деди:
– Эй Аллоҳнинг дўсти! Сизга саволларим бор.
– Сўранг.
– Дин поклиги, дин жавҳари, дин хазинаси нима?
– Сиз айтинг, биз ҳам эшитайлик, – деди Ҳасан Басрий ҳазратлари.
– Дин поклиги – таҳоратдир. Дин жавҳари – Аллоҳдан қўрқмоқлик ва дин хазинаси – илмдир, – деди аёл ва қўшимча қилди. – Дин маъдани – ҳаёдир. Аллоҳ таоло ҳаёли қулини мақтайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳаё – имоннинг бир бўлаги” эканини таъкидлаганлар.
Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) бу аёлнинг сўзларини эшитиб, ҳайрату ҳаяжонга тушди, унинг сўзларига мухлис бўлди.
Шундай оқила аёллар ахлоқ-одобли инсонларни бир-бирига яқинлаштириб, меҳр-муҳаббатли бўлишига йўл очади. Саъдий Шерозий айтганидек, “Илм – аёл учун зийнат. Ақлини нодонликдан халос этган ҳар бир аёл ор-номусини, аёллик бурчини, қадрини тушуниб етади. Бундай аёл ҳар бир ишда, оилада, турмушда, ҳаётда адашмайди”.
Икки ёш муқаддас никоҳ риштаси билан боғланаркан, жамиятда бахтли-саодатли оила қуришни орзу қилади. Биз қариялар улардан ўгит ва насиҳатларимизни аямай, яхшиликка чорлайлик. Инсонлар ўз жуфти ҳалоли билан иноқ-аҳил, меҳрибонлик билан муомала қилиб, ҳаёт кечиришсин.
 

Неъматилла ҚОСИМОВ,
меҳнат фахрийси, Тошкент вилояти, Қуйи Чирчиқ тумани