• Рукни: Ўгит

“…Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!...” (Зумар, 9)


Мактабдан қайтган Акбаржон бобосини кўриб, “бобожон”лаб қучоғига отилди. Ҳол-аҳвол сўрашгач, боланинг онаси уст-бошини тез алмаштиришни тайинлаганига қарамай, бобоси билан холи қолди.  
— Бобо, сиздан бир нима сўрамоқчи эдим? – деди набира ўпкалаган оҳангда.
— Қулоғим сенда, қароғим.
— Яхши инсон бўлсанг, савоб ишлар қилиб, бировга ёмонлик қилмасанг жаннатий бўласан деган эдингиз?
— Ҳа, болам ёдимда, нима эди?
— Жаннатда нимани хаёлингга келтирсанг, орзу қилсанг, ҳаммаси бир зумда пайдо бўлади. У ерда инсон ҳеч нарсага зориқмайди, деганингиз-чи?
— Бу ҳам тўғри.
— Кеча Содиқ ўртоғим уй вазифасини бажармаган экан. Абдуллоҳ устозимиз, “Эҳ, болам, бунақада жаннатда ҳам муҳтож бўлиб қоласан-ку”, дедилар. Ахир сиз “Жаннатда инсон бекаму кўст, абадий ҳаёт кечиради”, деган эдингиз-ку?
— Ҳа, эсимда, шундай деганман, лекин устозинг ҳам тўғри айтибди, – деди бобо бир оз жиддий тортиб.
Набира энди эътироз билдирмоқчи эди, бироқ...
 Биласанми? Одамлар жаннатда нимани орзу қилишни ҳам билмай қолишганда, уламолар “ана уни, мана буни орзу қилинглар”, деб айтишар экан. Бу жаннатда ҳам инсонларнинг илмлиларга муҳтожлик, эҳтиёж сезишидир, болам, – деди бобо.

Муҳаммад ЗИЁ