• Рукни: Ўгит

Инсоний муносабатлардаги кўнгил хираликларнинг асосий сабабчиси тилдир. Зеро, тил яхшиликка калит бўлганидек, ёмонликка ҳам калит бўлиши мумкин. Шундай экан, тилимизнинг қалбга санчилган бир тикан бўлмаслигига диққат қаратишимиз лозим. Чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат этганлар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, хайрли сўз айтсин ёки жим турсин! (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).

* * *

Сўйлашдан аввал ўйлаш, сўзнинг борадиган нуқтасини ҳисоблаш керак. Зеро, гапириш бир тошни олиб отишдек гап. Тошнинг қаерга тушишига диққат қилиш лозим. Пайғамбаримиз (солллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам бунга ишорат қилиб: “Узр сўзлашга мажбур қиладиган сўзни сўзлама”, деганлар (Ибн Можа ривояти).

* * *

Сўзлашув услубини ҳамсуҳбатининг феълига кўра танлаши керак. Зеро, бировни севинтирган муомала, бошқасини ранжитиши мумкин. Ҳамсуҳбатининг руҳий ҳолатини кузатиб, кераксиз сўзни тарк этиш ҳам инсон комиллигидан далолат беради. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) марҳамат қиладилар: “Ўзига кераксиз нарсани тарк қилиш киши хулқининг гўзаллигидандир” (Имом Термизий ривояти).

* * *

Сўз худди эрта баҳорга ўхшайди. Ҳар томонни безатади, гўзаллаштиради. Беҳисоб фойдалар ёғдиради. Сўз борки, ўткир қиличга ўхшайди. Қалбга тузатишнинг имкони йўқ яралар солади. Қалб боғчасидаги нафис гулларга қирон келтиради.
Мавлоно Румий ҳар бир сўзга диққат қилиш лозимлигини айтади: “Бу тил чақмоқ темири ва чақмоқ тоши кабидир. Тилдан чиққан сўз оташга ўхшайди. Гоҳида лоф бўлсин дея, гоҳида ниманидир тушунтириш, англатиш учун бўлса ҳам, у темир ва тошни бир-бирига урма! Шуни билки, ўйламай айтилган сўз камондан отилган ўқ кабидир. Эй фарзанд, ўқни ортга қайтариб бўлмайди!”

* * *

Умар (розияллоҳу анҳу) бундай деганлар:
Тўрт нарсани асло ортга қайтариб бўлмайди: айтилган гап, отилган ўқ, кечирилган ҳаёт, бой берилган фурсат.

* * *

Тил қалбнинг тилмочидир. Унинг тўғри ва эгрилиги бошқа аъзоларнинг ҳаракатларида ҳам ўз аксини топади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Инсонлар тонгга етгач, бутун тана аъзолари тилга. Бизнинг ҳақимизда Аллоҳдан қўрқ! Биз фақат сенга боғлиқмиз. Агар сен тўғри бўлсанг, биз ҳам тўғримиз. Агар сен эгри бўлсанг, биз ҳам эгримиз” (Имом Термизий ривояти)
Бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Қалб тўғри бўлмагунча кишининг имони тўғри бўлмайди. Тили тўғри бўлмагунча эса қалби тўғри бўлмайди” (Имом Аҳмад ривояти).