Майдони: 825 418 кв.км.
Аҳолиси: 2 358 000 дан ортиқ.
Пойтахти: Виндҳук шаҳри.
Йирик шаҳарлари: Виндҳук, Уолфиш-Бей, Свакопмунд, Ошакати.
 
Жанубий Африкада жойлашган ушбу давлат шимолда Ангола ва Замбия, шарқда Ботсвана, жанубда Жанубий Африка Рес­публикаси билан чегарадош. Ғарбий соҳилларини Атлантика океани сувлари ювиб туради. Энг катта дарёлари Сариқдарё, Балиқдарё ва Окаванго. Иқлими иссиқ, ёғин-сочин кам.
Намибия 1990 йилдан БМТ ва Африка Бирлиги ташкилоти аъзоси. 1991 йил 25 декабрда Ўзбекис­тон Республикаси мус­тақиллигини тан олган. Миллий байрами 21 март – Мустақиллик эълон қилинган кун (1990).
Мамлакат иқтисодиётида ялпи ички маҳсулотнинг йигирма фоизга яқини кон саноати ҳиссасига тўғри келади. Энг кўп уран ва олмос қазиб олинади. Ишчи кучининг деярли ярми қишлоқ хўжалиги билан банд. Чорвачилик, нисбатан қоракўлчилик ривожланган. Балиқчилик ва сайёҳлик тармоқлари ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Озиқ-овқат маҳсулотларининг эллик фоизи четдан келади. Мамлакат иқтисодиёти ҳозир ҳам Жанубий Африка Рес­публикаси иқтисодиётига кўп жиҳатдан боғлиқ.
Намибияликларнинг 80 фоизга яқини насронийлардан, асосан, лютеранлардан иборат. Мусулмонлар сонига кўра мамлакатда учинчи ўринда бўлиб, аҳолининг уч фоизини ташкил этади, яъни 5000 нафар атрофида. Намибия мусулмонларининг кўпчилиги нама элатига мансуб. Мамлакатдаги биринчи масжид – Соуэто Ислом маркази 1986 йили Катутура шаҳрида очилган. 2009 йилдан буён ўлкада йигирмата масжид фаолият юритади, уларнинг олтитаси пойтахтда. Мамлакатда Ислом ҳуқуқи масалаларини Намибия фиқҳ кенгаши ечади. Кенгаш идораси Оҳангвена вилоятининг Ондоба туманида жойлашган. 
 
Азизхон ҲАКИМОВ тайёрлади.