Майдони: 582 650 кв.км.
Пойтахти: Найроби шаҳри.
Йирик шаҳарлари: Найроби, Момбаса.
Аҳолиси: 44 500 000 нафардан ортиқ.
Бошқарув шакли: республика.
Давлат бошлиғи: президент.
Пул бирлиги: Кения шиллинги.
 
Жўғрофий ўрни. Кения Республикаси Шарқий Африкада жойлашган. Шимолда Эфиопия, шарқда Сомали, жануби-ғарбда Танзания, ғарбда Уганда ва шимоли-ғарбда Жанубий Судан билан чегарадош. Жануби-шарқий қирғоқларини Ҳинд океани, ғарбини эса Виктория кўли сувлари ювиб туради. Ҳинд океани соҳили узилма тоғлардан иборат, тик ва кам парчаланган. Мамлакатдаги энг юқори чўққи Кения тоғида бўлиб, баландлиги – 5199 метр. Кения иқлими экваториал бўлиб, соҳилда ҳарорат иссиқ, ясситоғликда салқинроқ. Дарёлари саёз, қисқа, айримларидагина кема қатнайди. Йириклари: Тана, Галана. Кўллар кўп, энг каттаси Рудолф кўли. Мамлакатнинг шарқий ерлари жигарранг-қизил тошлоқ, камҳосил, аксари шўр тупроқли. Виктория кўли қирғоқлари қизил-қўнғир, Ҳинд океани соҳили қора ва бўз тупроқли. Шимолида тиканли ўрмонлар ва бутазорлар, чўлга айланаёзган саванналар, ғарбида бўйдор ўтлар, тоғ этакларида сернам тропик ўрмонлар, тоғларида ўтлоқлар бор. Ёввойи ҳайвонлардан фил, каркидон, зебра, қўтос, жирафа, арслон, маймун, дарё­ларида эса тимсоҳ ва бегемотлар учрайди. Саво, Сибилон, Маун-Кения, Меру ва Абердер каби қўриқхоналари ва миллий боғлари кўп.
 
Тарихи. Кения ҳудудида илк палеолит даврида ҳам халқлар яшагани маълум. Ҳозирги аҳолисининг кўпчилиги XIV–XIX асрларда Африканинг турли жойларидан келган банту ва нилот қабилаларидан тарқалган. Милоддан аввалги V–VI асрларда Кенияга юнон, миср, хитой, араб денгиз сайёҳлари ва савдогарлар келиб-кетиб турган. VII–VIII асрларда қишлоқлар, XI–XV асрларда шаҳарлар пайдо бўлди. XVI асрда португаллар Кениянинг шарқий қисмини босиб олди. Кейинчалик Буюк Британия қул савдосига қарши кураш баҳонаси билан Кенияни ўз таъсири остига ола бошлади. Мустамлакачилар маҳаллий аҳолидан унумдор ерларни тортиб олди. Африкаликлар махсус ажратилган жойларда яшашга мажбур этилди, ирқий камситилди. Шундан кейин мустамлакачиликка қарши сиёсий Кикуйю ташкилоти тузилиб, мажбурий меҳнат бекор қилиниши, солиқлар қисқартирилиши, маориф тизими яхшиланиши ва тортиб олинган ерлар қайтариб берилишини талаб қилди. Қирқинчи йиллар охирида озодлик ҳаракати янада кучайди. 1952 йилда бошланган қўзғолон тўрт йил давом этди ва шафқатсизларча бостирилди. 
1960 йил тузилган Кения африкалик­лар миллий иттифоқи (КАМИ) мамлакат мустақиллигини талаб қилди. 1961, 1963 йиллари ўтказилган сайловларда КАМИ ғолиб чиқиб, биринчи миллий ҳукуматни тузди. 1963 йил 12 декабрда Кения мустақил давлат деб эълон қилинди. 1966 йилдан БМТ аъзоси. Миллий байрами 12 декабрь – Мустақиллик куни.
 
Иқтисоди. Кения аграр мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда қишлоқ, ўрмон хўжалиги ва балиқчиликнинг улуши 24 фоиз, саноатнинг улуши 10 фоизга яқин. Иқтисодининг асоси қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўлиб, мамлакат экспортининг 3/4 қисмини ташкил этади. Асосий экинлари – кофе, чой, пиретрум, пахта, шоли, буғдой, шакарқамиш; ички эҳтиёжлар учун маккажўхори, маниок, тариқ, жўхори, арпа етиштирилади. Чорвачилик ва паррандачилик ривожланган. Қишлоқ хўжалиги хомашёсини қайта ишловчи корхоналар ва ҳунармандчилик устахоналари саноатнинг асосидир. Кончилик саноатида табиий сода, каолин, гипс, ош тузи тайёрлаш устун, мис, қўрғошин, кумуш ҳам қазиб олинади. Йирик саноат марказлари: Найроби, Момбаса, Кисуму, Накуру, Тика, Элдорет шаҳарларидир. Маҳсулотларни Буюк Британия, Голландия, Уганда, Танзания, Америка ва Покистонга экспорт қилади. Нефт маҳсулотлари ва автомобил эҳтиёт қисмларини Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Хитой, Саудия Арабистони, Жанубий Африка Республикаси ва Япониядан импорт қилади.
Сайёҳлик асосий даромад манбаларидан бири, ёввойи табиати, энг йирик пушти фламинголари ҳамда “Сўнган вулқон” бутун дунёдан сайёҳларни жалб қилади.
 
Аҳолиси. Аҳолисининг 66 фоизини бенуэ-конго тилларида сўзлашувчи маҳаллий халқлар ташкил этади. Бундан ташқари, ҳиндлар, оврупаликлар ва араблар ҳам яшайди. Аҳолининг 70 фоизи қишлоқ хўжалиги билан шуғулланади. Расмий тиллар – суахили ва инглиз тилларидир. Жами аҳолининг 26 фоизи шаҳарларда яшайди. 
Ислом дини Кенияга милодий VII асрдан бошлаб кириб кела бошлаган. Х аср бошларида келган араблар суахими халқлари билан чатишиб, янада кенг тарқалган. Кейинчалик мусулмонлар сони ҳиндистонлик ва покистонликлар эвазига кўпайди. Ҳозир мамлакатда беш миллионга яқин мусулмон истиқомат қилади. Уларнинг кўпчилиги мамлакат шимолида бўлиб, араблар, банғоллар, бонилар ва бошқа миллат вакилларидир. Мусулмонларнинг аксарияти аҳли сунна ва жамоанинг шофиъийлик мазҳабидадир. Мамлакатда 100 га яқин масжид фаолият юритади. Пойтахтдаги энг катта “Марказий” жоме масжиди республикага келадиган сайёҳлар учун диққатга сазовор маскан ҳисобланади. 1902 йили Саид Абдуллоҳ Ҳусайн томонидан барпо этилган ушбу жоменинг кумушдан ишланган уч гумбази ва ажойиб услубдаги икки минораси шаҳар кўркига кўрк қўшиб келмоқда. Мажмуа, асосан, катта хонақоҳ, кутубхона ва ўқув марказидан иборат.
 
Азизхон ҲАКИМОВ
тайёрлади.