Жарир ибн Абдуллоҳ ибн Жобир ибн Молик ибн Наср ибн Саълаба Бажалий Яманнинг  Бажийла қабиласидан бўлиб, у Абу Амр куняси билан
машҳур эди.
Жарир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)  узун бўйли, гўзал қиёфали, жуда  сўзга уста одам эди.

Имом Ибн Касир: “Жарир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)  ҳижратнинг ўнинчи йили, Рамазон ойида мусулмон бўлган”, дейди. У билан бирга қавмидан эллик киши биргаликда имон келтирган. Жарир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)нинг ўзи: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг вафот этишларидан қирқ кун олдин Ислом динини қабул қилганман”, деган.  

Жарир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)  орқали Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан уч юздан зиёд ҳадис ривоят қилинган. Жарир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан фарзандлари: Мунзир, Убайдуллоҳ, Иброҳим, набираси Абу Зурра ибн Амр, шунингдек, Шаъбий, Қайс ибн Ҳозим, Ҳумом ибн Ҳорис, Абу Воил ҳадис ривоят қилишган.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Жарир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) билан ўтирганларида ридоларини унинг остига тўшаб: “Ҳузурингизга бирор қавмнинг улуғ ва ҳурматли кишиси келса, унга иззат-икром кўрсатинглар!” деганлар.

Муғира ибн Шиблдан ривоят қилинади: «Жарир бундай деди: “Мадинага яқинлашганимда уловдан тушиб, янги кийимларни кийдим. Масжидга кирсам, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) маъруза қилаётган эканлар. Одамлар менга тикилиб қолдилар. Ёнимда ўтирган кишига: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мен ҳақимда бирор нарса айтдиларми?” дедим. У бундай деди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мана бу дара томондан сизнинг ҳузурингизга яманликларнинг энг яхши кишиси келади. У фариштадек гўзалдир”, дедилар. Буни эшитиб Аллоҳга ҳамд айтдим» (Имом Аҳмад ривояти).

Жарир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) чиройли киши бўлгани учун Умар (розияллоҳу анҳу): “Жарир бу умматнинг Юсуфидир”, деган.

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу): “Жарир бизга аҳли байт (ўз оила аъзоларимиздек)дир”, деган.

Жарир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) Куфа шаҳрида яшаган. Сўнг Усмон (розияллоҳу анҳу) уни Ҳамазонга ҳоким этиб тайинлаган. У бу вазифасида Али (розияллоҳу анҳу) халифалигининг сўнгги йилларига қадар хизмат қилган. Умрининг охирида оила аъзоларини олиб, Фурот дарёси бўйидаги Қирқисия шаҳрига кўчиб кетиб, вафот этгунча – ҳижрий 51 йилгача шу ерда яшаган.  

Манбалар асосида “Саййид Муҳйиддин махдум”
 ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Баҳодир БАҲРОМЖОН ЎҒЛИ тайёрлади.