Милодий 623 йилда Мадина шаҳрида бир фарзанд дунёга келди. Унга "Нўъмон" деб исм қўйиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига олиб боришди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг танглайини хурмо билан кўтариб, ҳақига дуо қилдилар.
Тўлиқ исми: Нўъмон ибн Башир ибн Саъд ибн Саълаба ибн Жулос ибн Зайд Ансорий Хазражийдир. Куняси Абу Абдуллоҳ.
Нўъмон ибн Башир (розияллоҳу анҳу)нинг отаси Башир ибн Саъд (розияллоҳу анҳу)дир, у Абу Нўъмон куняси билан машҳур бўлган.
Нўъмон ибн Башир (розияллоҳу анҳу)нинг онаси Амра бинти Равоҳа (розияллоҳу анҳо) солиҳа аёл эди. У машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Равоҳа (розияллоҳу анҳу)нинг синглисидир.
Нўъмон ибн Башир (розияллоҳу анҳу)нинг беш ўғил, икки қизи бўлган. Ўғилларининг исми Муҳаммад, Абон, Язид, Башир ва Абдуллоҳ, қизларининг исми Амра ва Ҳамида.
Нўъмон ибн Башир (розияллоҳу анҳу) шижоат ва саховатда барчага намуна, сўзамол, оқил ва ҳалим эди. У машҳур воиз ва моҳир шоир ҳам бўлган. Шуни таъкидлаш керакки, Нўъмон ибн Башир (розияллоҳу анҳу)нинг бобоси Саъд ибн Ҳусайн, отаси Башир ибн Саъд, амакиси Ҳусайн ибн Саъд, тоғаси Абдуллоҳ ибн Равоҳа (розияллоҳу анҳум) ҳам шеъриятга ошно бўлишган.
Нўъмон ибн Башир (розияллоҳу анҳу) 124 ҳадис ривоят қилган. У ривоят қилган 114 ҳадис Муснадда жамланган.
Нўъмон ибн Башир (розияллоҳу анҳу) Ойша, Умар ва Абдуллоҳ ибн Равоҳа (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилган. Нўъмон ибн Башир (розияллоҳу анҳу)дан ўғли Муҳаммад, Шаъбий, Симок ибн Ҳарб, Муҳаммад, Ҳумайд ибн Абдурраҳмон Зуҳрий, Абу Саллом Мамтур, Солим ибн Абулжаъд ва Абу Қилоба ҳадис ривоят қилган.
Нўъмон ибн Башир (розияллоҳу анҳу) айтади: “Бало-офат вақтида гуноҳ қилиш энг катта ҳалокатдир”.
Нўъмон ибн Башир (розияллоҳу анҳу) милодий 684, ҳиж­рий 64 йили олтмиш уч ёшида Ҳама шаҳрида вафот этган.
1968 йил Бағдод шаҳрида  чоп этилган Нўъмон ибн Башир (розияллоҳу анҳу)нинг “Девонун Нўъмон” номли шеърий  китоби, 1985 йил Қувайтда тўлдирилган янги нашр сифатида оммага ҳавола қилинди.

Манбалар асосида
Андижондаги “Ҳазрати Билол”
жомеи имом-хатиби

Равшанбек ЎРИНБОЕВ
тайёрлади.