“Мифтоҳул улум” (“Илмлар калити”) асари Имом Саккокийнинг шоҳ асари ҳисобланади. Имом Саккокий айнан мана шу асари билан машҳур бўлган.
Олимнинг тўлиқ исми Сирожиддин Абу Яъқуб Юсуф ибн Абу Бакр Саккокий бўлиб, 1160 йилда (ҳ. 555) Хоразмда таваллуд топган. Унинг оиласи темирчилик билан, асосан, омочлар устига темир қоплама ясаш билан шуғулланишарди. Шунинг учун ҳам у зот “Саккокий” номи билан танилган.
 
Саккокий илм олишни кечроқ – ёши қирққа яқин­лашиб қолганида бошлаган. У Ибн Саид Ҳорисий, Муҳаммад ибн Абдулкарим Туркистоний каби кўплаб машҳур ҳанафий фақиҳлардан таълим олди. У зот ҳақида устозлари ва бошқа замондош уламолар жуда кўп мақтовли фикрларни айтганлар. Жумладан, унга замондош уламолардан Ёқут Ҳамавий: “Имом Саккокий уламолари кўп мақталадиган асрнинг энг фазилатли олимларидан бири эди. У фақиҳ, мутакаллим (ақоид илми олими) ва бошқа жуда кўп илмларнинг моҳир билимдони эди”, деган.
 
Имом Саккокий кўплаб асарлар ёзган. Улардан энг машҳури балоғат илмига бағишланган “Мифтоҳул улум” (“Илмлар калити”) асаридир. У зотдан олдин ҳам бир нечта буюк алломалар балоғат илми борасида асарлар ёзишган. Жумладан, Қудома ибн Жаъфар, Абу Ҳилол Аскарий, Имом Замахшарий, Абдулқохир Журжоний ва бошқалар.
 
Бу илм аббосийлар даврида алоҳида фан сифатида ажралиб чиқа бошлаган, бобларга бўлинган. Бу илмга биринчи бўлиб Шайхул балоға тахаллуси билан танилган “Далоилул иъжоз” ва “Асрорул балоға” асарларининг муаллифи Абдулқохир Журжоний эътибор қаратган. У балоғат қоидаларини ишлаб чиқиб, бобларга бўлган, сўнг мавзуларни тартиблаган ҳамда шу асосда юқоридаги икки асарини ёзган. Саккокийнинг бу соҳадаги изланиш услуби Абдулқоҳир Журжонийникидан фарқ қиларди. У баҳс­ларнинг ўртасини ажрата оладиган чегараларни баён қилди. Имом Саккокий бу асарларини ёзиб бўлганидан кейин: “Аллоҳнинг тавфиқи билан мен ўзим истаган нарсамга эришдим”, деган эди. Аксар уламолар Имом Саккокийни балоғат илмининг асосчиси деб ҳисоблашади. Зеро, айнан у балоғат илмини мустақил фан сифатида мукаммал ривожлантирган, мавзуларга ажратган, методлари (услублари)ни аниқ-равшан баён қилиб берган эди. Саккокийдан кейинги олимлар балоғат қоидаларига бирор янгилик қўша олишмади ва унинг китобидан мухтасарроқ бирор китоб ёки ундан кенгроқ шарҳ ҳам ёза олишмади. Ушбу асар тартибининг гўзаллиги, тузилишининг мукаммаллиги ва кўплаб қоидаларни ўзида жамлаганлиги билан бошқа китоблардан ажралиб туради.
 
Имом Саккокий “Мифтоҳул улум”ни уч асосий қисмга бўлган. Асарнинг биринчи қисмида сарф илми ва унга доир масалалар ҳақида сўз юритган. Иккинчи қисмда эса наҳв илми ва унга боғлиқ масалалар ҳақида баҳс юритилади. Учинчи қисмда илмул маоний (маънолар илми) ва илмул баён (сўзни баён этиш илми) ҳақида сўз юритади. Имом Саккокийнинг миллати араб бўлмаса-да, китобида араб тили учун муҳим бўлган ўн иккита илмни баён этган. Шунинг учун ҳам бу китоб бутун дунёда машҳур бўлган. Уламолар “Мифтоҳул улум”га жуда катта эътибор қаратдилар, натижада бу асарга шарҳлар битилиб, ҳошиялар ёзилди. Улардан энг машҳури имом Қазвинийнинг “Талхисул мифтоҳ” (“Мифтоҳ” асарининг қисқача шарҳи”) асаридир. Имом Қазвиний бу асарида “Мифтоҳул улум” асарининг учинчи қисми – балоғатни мухтасар шаклда баён қилган.
“Мифтоҳул улум” узоқ йиллар таълим даргоҳларида дарслик сифатида ўқитилди. Бу асар ҳозирги кунга қадар уламоларнинг доимий диқ­қат-эътиборларида бўлиб келмоқда.
 
Саккокийдан кейинги барча уламолар балоғат илми соҳасида у зотга муҳтож бўлганлар. Академик Карач­ковский: “Балоғат илми айнан мана шу асар (“Мифтоҳул улум”) билан ўз камолига етган”, дея баҳолайди. Чунки муаллиф асарнинг учинчи қисмида ўзидан олдин ўтган барча муаллифлар фикрларининг энг сарасини бир жойга тўплаб, чиройли тарзда тартибга солган ва бобларга ажратган.
Имом Саккокийнинг “Миф­тоҳул улум” асари балоғат фани бўйича ёзилган ўзидан кейинги барча манбаларнинг ўзаги бўлиб хизмат қилган десак, муболаға бўлмайди.
 
Асадуллоҳ ТУРҒУНОВ,
Тошкент ислом институти 
 талабаси