Сир эмас, тасаввуф халқимизнинг маънавий юксакликка эришувида беқиёс хизмат қилган. Тасаввуф узоқ даврлар мобайнида халқни ягона мақсад атрофида бирлаштирган, жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталари илдиз отишига замин яратган. Ҳозир ҳам дунёнинг кўп мамлакатларида Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандия тариқати катта нуфузга эга. Чунки мазкур тариқатда ислом шариати мезонлари бузилишига йўл қўйилмай, чин инсоний фазилатлар улуғланган.
 
Тасаввуф Мовароуннаҳр мусулмон мамлакатлари ижтимоий-маънавий ҳаётига, фан, маданият ва адабиёт ривожига катта ижобий таъсир кўрсатганини мутахассислар қайд этганлар. Тасаввуфий қарашларнинг яхлит таълимотга айланиб, ислом ўлкаларига кенг ёйилиши ва инсонлар ҳаётида муҳим воқеъликка айланишида улкан ҳисса қўшган мовароуннаҳрлик Ҳаким Термизий, Абу Бакр Колободий, Азизиддин Насафий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Муҳаммад Порсо, Яъкуб Чархий, Сўфи Оллоёр ва бошқа олимларнинг араб, форс ва туркий тилларда битган асарлари Ислом оламида ҳозирга қадар эъзозланади. Шуни алоҳида қайд этиш зарурки, ўрта асрларда энг кенг тарқалган уч тил – араб, форс ва туркийда асарлар бита олиш малакаси асосан Мовароуннаҳр уламоларида  шаклланган. Зеро, минтақа аҳолисининг талаб ва эҳтиёжи шуни тақозо қилган эди.
Абдулқодир Гийлоний “Сиррул асрор” китобининг “Тасаввуф аҳли хусусининг баёни” бобида тасаввуф аҳлини иккига бўлади. Биринчиси “суннийлар”, иккинчиси эса “бидъат аҳли” деб тилга олинади.
Афсуски, кейинги йилларда тасаввуфни мол-дунё орттириш, муридбозлик воситасига айлантирувчи сохта тариқатчилик юз кўрсата бошлади. Ачинарлиси, улар орасида таркидунёчилик кайфиятининг устунлиги, пирларини ҳаддан зиёд улуғлаш, ихтилофли масалаларга берилиб кетиш, илм олишга бўлган рағбатнинг сусайиши, оила моддий таъминотини ташлаб қўйиш ҳолатлари кузатиляпти.
Айримлари эса ота-оналари, турмуш ўртоғи, фарзандлари ва бошқа яқинларига ўз қарашларини мажбуран сингдиришга ҳаракат қилиб, оилада келишмовчиликлар юз беришига сабаб бўлмоқда.
Ҳозир тасаввуф таълимотининг нохолис талқини халқ орасида сохта тариқатчилик иллати ёйилишига дастак бўлмоқда. Ўзбекистон ҳудудидаги замонавий тариқатлар гарчи маънавий қадрият, анъана ва маросимлар ҳамда миллий маданиятга содиқликни намойиш этса-да, аввалги қиёфасидан бирмунча фарқланади. Айниқса, хориждан “экспорт” қилинаётган ва аҳоли ўртасида тарқатилаётган ноанъанавий тасаввуф таълимотлари жиддий ташвиш уйғотади. Шунинг учун, тасаввуфнинг асл ғоялари акс этган асарларни тадқиқ этиш ва юзага чиқариш исломшунослар олдида турган муҳим вазифалардан биридир.
Ўз издошлари сонини жаҳон миқёсида муттасил равишда ўстириб бораётган тасаввуф муайян кўринишда қиёфий ўзгаришларга учрамоқда. Трансмиллий уюшмаларга айланиб бораётган тариқатлар глобаллашув шароитида ўз аъзолари сонини кўпайтиришда қўллаётган услуб ва воситалардан Ўзбекистондаги анъанавий ва ноанъанавий тариқатларнинг аксарияти бирқадар йироқ. Аммо шуни унутмаслик керакки, Мовароуннаҳр заминида қадимдан амалда бўлган тариқатлар бугунги кунда дунё миқёсида фаолият кўрсатиб, Ғарб ва Шарқдаги мусулмон жамоаларининг диний, маданий ва сиёсий ҳаётида тобора катта ўрин эгаллаб бормоқда. Шу жиҳатдан ҳам юртимизда тасаввуф тарихи ва бугунги кунини қиёслаб ўрганиш, унда кечаётган жараёнларни яқиндан кузатиб бориш ва илмий асосланган хулосалар бериш жуда муҳим. Зеро, ХХ асрнинг 90-йилларидан бошлаб Марказий Осиёда тасаввуфнинг қайта тикланиш жараёнлари ва ҳозирги ҳолати борасида олиб борилган айрим юзаки ғарб тадқиқотлари хорижда нохолис қарашларни шакллантирган.
Диёримиздан чиққан термизийлар, бухорийлар, самарқандийлар, насафийлар, шошийлар, уструшанийларнинг илмий меросида соғлом тафаккурга эга, маънан ва жисмонан баркамол авлод тарбиясига эътибор доимо юқори бўлган. Алломаларимиз меросида фарзандни жисмонан бақувват, ақлан заковатли, одоб-ахлоқли қилиб тарбиялашнинг йўллари илмий асослар, ҳаётий тажриба, муайян қарашлар тизмида чуқур таҳлил қилинган. Мана шу каби хусусиятлар билан бир қаторда, фарзанд тарбиясида бағрикенглик, динийлик ва дунёвийлик масалаларида мувозанат ҳиссини шакллантириш масаласига ҳам алоҳида урғу берилган. Сохта тариқатчилик иллати айнан ўша улкан илмий мерос ва анъанавийликдан узоқлашиш натижасидир.
 
Нилуфар ТЎЙЧИЕВА,
Тошкент ислом университети Исломшунослик илмий-тадқиқот
Маркази илмий ходими