Бу оламда мўъжизалар кўп. Чор тарафимиз ғаройиботларга тўла. Фақат уларга ибрат, тафаккур назари билан қараш керак. Бу мўъжизаларнинг энг буюги, шубҳасиз, яралмишлар гултожи бўлмиш ҳазрати инсондир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим ва хушсурат (шаклда) яратдик» (Тин, 4).
Инсон тузилиши, қадди-қомати, бўй-басти, шаклу шамойили борасида борлиқдаги барча махлуқотларнинг энг гўзали ва мукаммалидир. Унинг тана аъзолари ўзаро уйғун, мутаносиб (симметрик) жойлашган. Булар ҳақида фикр юритган одам Буюк Яратувчининг қудратига яна бир бор тан беради.
Биз бу мақолада ана шу гўзал хилқатнинг нақадар аниқ ўлчов билан яратилганига ўлчов бирликлари (метрология) ойнасидан бир қур назар ташламоқчимиз.
Маълумки, қадимда барча халқларда, хусусан, арабларда кўплаб узунлик ўлчовлари инсон тана аъзолари асосида белгиланган. Мазкур ўлчов бирликлари бир-бирига мутаносиб бўлиб, воқеликдан келиб чиққандир. Масалан, бир мушт тўрт бармоққа тенг. Аъзолари бир-бирига мутаносиб бўлган инсоннинг уч мушти, яъни ўн икки бармоғининг эни ўзининг бир қаричига тенг. Қаричи эса қадамига, яъни товонидан панжалари учигача бўлган қисми билан баробар. Икки қаричи ёки икки қадами ўзининг зироъи­га, яъни тирсагидан бармоқлари учигача бўлган узунликка эга. Зироъи эса, ўртача ташлаган бир одимига тўғри келади. Тўрт зироъи ёки тўрт одими ўзининг қулочига тенг. Қулочи эса ўзининг бўйи билан баробардир.
Бундоқ ўйлаб қарасак, танамизда худди карра жадвали жойлашгандек. Ана шу мутаносибликдан қадимда ўлчов бирликлари сифатида фойдаланилган. Бунда ўрта бўйли, ўртача қоматга эга инсоннинг тана аъзолари асос қилиб олинган.
«Исбаъ» (бармоқ) ўрта қоматли одам қўл бармоғи энининг қалинлиги бўлиб, узунлиги 1,925 см.
«Қабза» (мушт) ўрта бўйли одам қўлини мушт қилганидаги 4 бармоқ қалинлиги бўлиб, узунлиги 7,7 см.
«Шибр» (қарич) ўртача очилган қарич бўлиб, узунлиги 23,1 см. У 3 қабза ёки 12 исбаъга тенг. Демак, ўрта бўйли одамнинг қаричи ўзининг 3 қабзаси ё 12 исбаъига тенг экан.
«Қадам» (оёқ ўлчами, фут) оёқнинг товонидан бармоқлар учигача бўлиб, узунлиги 23,1 см. Демак, оёқ ўлчами ўзининг бир қаричи ё 3 қабзаси, ё 12 исбаъига тенг экан.
«Зироъ» (билак) ўрта бўйли одамнинг тирсагидан бармоқлари учигача бўлиб, узунлиги (тўрттала мазҳабнинг муҳаққиқ фуқаҳолари наздида) 46,2 см. Демак, ўрта бўйли одамнинг зироъи ўзининг 2 қадами ё 2 қаричи, ё 6 қабзаси, ёки 24 исбаъига тенг экан.
«Хутва» (одим) ўртача ташлаган одим бўлиб, узунлиги 46,2 см. Демак, бир хутва бир зироъ ё 2 қадам, ё 2 қарич, ё 6 қабза, ёки 24 исбаъга тенг.
«Боъ» (қулоч) икки қўлни икки томонга ёйгандаги қулоч бўлиб, узунлиги 184,8 см. Демак, ўрта бўйли одамнинг бир қулочи ўзининг 4 одими ё 4 зироъи, ё 8 қадами, ё 8 қаричи, ё 24 қабзаси, ёки 96 исбаъига тенг бўлади. Дарвоқе, ўрта бўйли одамнинг қулочи ўзининг бўйига тенг бўлар экан.
Хулоса қилиб айтсак, ушбу ўлчовлардаги мутаносибликнинг ўзиёқ борлиқни тасодифлар натижаси дейдиганларнинг даъволари қуруқ сафсатадан бошқа нарса эмаслигини яна бир бор исботлайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло инсониятга ҳеч бўлмаса ўзидаги мўъжизаларни бир мулоҳаза қилишга буюради: «(Эй инсонлар,) ерда ишонувчилар учун аломатлар бордир, ўзларингизда ҳам. Ахир, (уларни) кўрмайсизми?!» (Зориёт, 20–21).
Аллоҳ қалб кўзларимизни ҳақни кўрадиган қилсин ва ўзимизни унга тобе айласин!
 
Тошкент Давлат Шарқшунослик институти магистранти
Абдулазим САИДАҲМЕДОВ 
тайёрлади.
 
 
Манбалар:
Ваҳба Зуҳайлий, “Ал-фиқҳул исломий ва адиллатуҳ” (Байрут, “Дорул фиқҳил муъосира”, 1997);
“Ал-мавсуъатул фиқҳийя” (Қувайт, “Исломий ишлар ва вақфлар вазирлиги”, 1998);
Хинц В., “Мусульманские меры и веса с переводом в метрическую систему” (Mосква, 1970).