Сиздан олдинги умматларга ҳам (пайғамбарлар) юборганмиз. Кейин зора (тавба) тазарру қилсалар, деб уларни бало ва офатларга дучор қилганмиз. Уларга Бизнинг баломиз келганда, (тавба) тазарру қилсалар бўлмасмиди?! Лекин диллари қотди ва шайтон уларга қилиб юрган ишларини зийнатли қилиб кўрсатди (Анъом, 42–43).

Бу оятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га тасалли бор. Аллоҳ таоло биз – уммати Муҳаммадга юборилганидек, аввалги умматларга ҳам пайғамбарлар юборган. Улар пайғамбарларни ёлғончига чиқаришган. Шунда, зора улар Аллоҳ таолога илтижо қилар, деб уларнинг молларига талафот етказилди, ўзлари эса бало-офатларга дучор қилинди. Улар бало-офат етганда тавба-тазарру қилишлари лозим эди. Аммо тавба-тазарру қилишмади. Балки қалблари қаттиқлигича қолди. Шайтон уларга ўзларининг ёмон ишларини чиройли қилиб кўрсатди.

Абу Лайс Самарқандий айтади: “Шояд улар имон келтирганида Аллоҳ таоло улардан бало-офатларини кўтарарди, лекин улар ўз ҳолларида қолишди, имон келтирмади.  Шайтон уларга куфр ва мунтазам қилаётган гуноҳларини зийнатлаб, чиройли қилиб кўрсатиб қўйди”.

Залолатга кетган қавмлар борлиқнинг Эгаси, барча нарсага Қодир Зотни унутиб, бут ва санамларга сиғинишди. Улар бошларига бало-офатлар тушганида ҳам тўғри йўлга қайтишмади.

Инсон бошига тушадиган кулфат ва ташвишлар синовдир. Банда ана шу имтиҳонда янглишмаса, Яратганнинг йўриғидан тоймаса, иншоаллоҳ, нажот топади.

Манбалар асосида
Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.