"Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз! Эй имон келтирганлар! Сабр ва намоз билан (Мендан) ёрдам сўрангиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир" (Бақара, 152–153).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳга итоат қилса, унинг (нафл) намози, рўзаси ва Қуръон тиловати кам бўлса ҳам, Аллоҳ таолони зикр қилган бўлади. Ким гуноҳ қилса, агар унинг (нафл) намози, рўзаси ва Қуръон тиловати кўп бўлса-да, Аллоҳ таолони унутган бўлади”, дедилар (Имом Байҳақий).

Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) айтади: “Банда Аллоҳ таолонинг азобидан нажот топишига сабаб бўладиган – Аллоҳ таолони зикр қилишдан ўзга амал йўқ”.
Банданинг Аллоҳ таолога шукри унга ҳамд айтиши ва берган неъматларини ёд этиб, тоат-ибодат қилишидир.

Банда неъматга шукр қилса, Аллоҳ таоло уни кўпайтириб беради. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман” (Иброҳим, 7).

Ношукрлик эса неъматларнинг заволига, турли офат, мусибатларга сабаб бўлади.

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу)дан қўшнининг ҳақи тўғрисида сўралганида: “Қўшнига озор бермаслик билан бир қаторда, унинг озорига сабр қилиш”, деганлар. Аллоҳ таолонинг амрларига бўйсунишда ҳам, қайтарган ишларидан тийилишда  ҳам сабр ёрдам беради. Бандалар нафснинг шаҳватларидан тийилишда ва ибодатларга қоим туришда ҳам сабрга муҳтож бўладилар. Банда солиҳ амалларда бардавом, собит бўлса ва сабр қилса, дунё ва охиратда нажот топади.

Манбалар асосида
Баҳриддин ПАРПИЕВ тайёрлади.