«Улар: “Парвардигоро, хотинларимиздан ва зурриётларимиздан бизларга кўз қувончини бахш эт ва бизларни тақводорларга пешво қилгин!” дейдиган кишилардир» (Фурқон, 74).

Фурқон сурасидаги мазкур ояти каримада Раҳмонга суюкли бандаларнинг энг гўзал сифатларидан бири зикр этилган. Яъни, бу дуо Раҳмоннинг суюкли бандалари қиладиган дуолардан биридир.

«Парвардигоро, хотинларимиздан ва зур­риётларимиздан бизларга кўз қувончини бахш эт...» Яъни, хотин­ларимизни бизлар учун дунё ва охиратда бахту саодат манбаи қилгин. Зеро, яхши хотин эрининг дунёвий ишларида ҳам, ухровий ишларида ҳам кўмакдош бўлади. Ҳаёт ташвишларини енгишда эрига сабру қаноат тилайди, унинг кўнглини кўтариб, далда бўлади. Эри юмушдан ҳориб, чарчаб келганида очиқ чеҳра билан кутиб олади, ором олиши учун жой ҳозирлайди, уй-рўзғор ишларини саранжом-саришта тутади. Имкони борича эрининг кўнглини олишга ҳаракат қилади. Ундай аёл эркак учун Аллоҳ таолонинг катта неъматидир. Эркак киши учун дунёда солиҳа жуфти ҳалолдан кўра яхши неъмат йўқлиги ҳадиси шарифда айтилган.

Буюк ватандошимиз Ҳаким Термизий “Наводирул усул фи аҳодисир Расул” номли китобида қандай аёл яхши экани ҳақида алоҳида фасл ажратиб, далил сифатида ушбу ҳадисни келтиради: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Бандага дунёда берилган неъматлар ичида энг яхшиси унинг имонини мустаҳкамлашига кўмаклашадиган мўмина хотиндир”».

Луқмон (алайҳиссалом) айтади: “Солиҳа аёл бамисоли подшоҳ бошидаги тождир. Ёмон аёл бамисоли мункиллаган чол устига ортилган оғир юкдир”.

Оятдаги «зурриётларимиздан» кали­ма­сида фарзандлар кўзда тутилган. Дарҳақиқат, ота учун фарзандидан кўради­ган яхшиликдан ортиқ яхшилик йўқ. Ҳар бир ота фарзандининг одобли, илмли, Аллоҳ таолога итоатли ва ибодатли бўлишини истайди.

Мазкур оятдаги «кўз қувончи» деб таржима қилинган «қуррату айн» жумласига эътибор берайлик. «Айн» сўзи араб тилида кўз демакдир. «Қурратун» сўзининг эса бир неча маънолари бор. У бир жойда собит турмоқ, қарор топмоқ, хурсандчилик, сурур, совуқ маъноларини англатади. Кўз инсон танасидаги энг нозик аъзо бўлгани учун Аллоҳ таоло уни ташқи таъсирлардан ҳимоялаб қўйган. Инсоннинг мўътадил тана ҳарорати 36,6 даража бўлгани ҳолда, кўзнинг ҳарорати 9 даражани ташкил этади. Тана ҳароратининг мўътадил ҳолатидан кўтарилиши одамнинг касал эканига далолат қилса, кўз ҳароратининг кўтарилиши унинг хафалиги белгиси бўлади. Шунинг учун ҳам хотиржам кишининг кўзидан оққан ёш совуқ, хафа кишининг кўзёши эса иссиқ бўлар экан. Демак, кўзнинг ҳарорати дара­жаси ўзгармай, собит туриши одамнинг хотир­жам­лиги, хурсанд­лиги­га боғ­­лиқдир. Дар­ҳақи­қат, хотини итоатли ва бола­лари солиҳ киши­нинг кўзлари қувонч­га тўлади, яъни хо­тир­жам ва хурсанд бўла­ди.

«...бизларни тақ­во­дор­ларга пешво қилгин!»  “Тақво” сўзи луғатда «сақланмоқ», «эҳтиёт бўлмоқ» маъноларини англатади. Унинг шариат истилоҳидаги маъноси ҳақида уламолар турлича фикрлар билдиришган. Жумладан, Рағиб Исфаҳоний: “Тақво нафсни гуноҳдан сақлашдир. Бу тақиқланган нарсаларни тарк этиш билан бўлади. Баъзи мубоҳ нарсалардан сақланиш билан эса мукаммал бўлади”, деган. Ферузободий: “Тақво ҳар бир зарарли нарсадан, яъни гуноҳ ва ортиқча ишлардан четлашишдир. Шунга кўра у фарз ва нафлга бўлинади”, деб таъриф берган.

Қуръони каримда «тақво» сўзи хавф, қўрқиш, ибодат, маъсиятни тарк қилиш, тавҳид ва ихлос каби маъноларда ишлатилган. Демак, ояти каримада бизни ана шундай хислатларга эга бўлганларнинг пешвоси, улар эргашадиган мартабада қилгин, деб сўраш буюрилмоқда. Зеро, муфассирлар диний ишларда пешволикни сўраб дуо қилиш мандублигига ушбу оятни далил қилиб келтиришади (Қуртубий).

“Пешво”  имом дегани. Имом эса одамларни ортидан эргаштирувчи кишидир. Имом одамларни яхши­лик­ка бошлайди, фақат яхшилик борасида ўзга­ларга ўрнак бўлади. Киши дунёда кимга эргашган бўлса, қиёмат кунида ўша билан бирга бўлади, мазмунидаги ояти карима бор. Шунинг учун суюкли бандалар, “Бизларни одам­ларга фақат яхши­лик­да намуна бўлади­­­­ган пешволардан қил­­­гин, одам­ларга ёмон­­­­­лик­ни ўр­гатадиган, ўзга­­­ларга ёвузликда намуна бўлади­ганлар­дан қил­ма­гин”, деб дуо қи­лиша­ди.

Аллоҳ таоло барча­ларимизни ана шундай дуо қилувчи­лардан ва дуолари ижобат бўлув­чи бандаларидан қилсин. Омин!

Тафсир китоблари асосида Тошкентдаги “Муҳаммад Носир ҳожи”
жоме масжиди имом-хатиби
Ҳомидбек ИШМАТБЕКОВ тайёрлади.