«(Эй Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, У Мағфиратли ва Раҳмлидир”» 
(Зумар, 53).
 
Нозил бўлиш сабаби. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Мушриклар бир куни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига  келишди ва: “Сен яхши сўзларни гапирасан ва инсонларни яхшиликка чақирасан. Шундай экан, қани бизга  айт-чи, биз имон келтириб, мусулмон бўлсак ва тавба қилсак, гуноҳларимиз кечириладими?” деб, сўрашди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни  нозил қилди» (Имом Бухорий, Имом Муслим).
 
«(Эй Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан но­умид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур”...» Муфассирлар бу оят тафсирида бундай де­йишган: “Ўз жонига зулм қилган бандалар, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар! Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлиш ва бошқаларни ҳам ундан ноумид қилиш катта гуноҳдир. Агар катта гуноҳ қилган бўлсангиз ҳам, чин дилдан ихлос ила тавба қилиб, гуноҳдан тўхтасаларинг, тавбаларинг қабул бўлади. Аллоҳ тавба қилган бандаларининг гуноҳини, албатта кечиради.
 
Савбон (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Дунё ва ундаги барча нарсадан менга бу: «(Эй Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз!..”» ояти афзалдир”, дедилар. Шунда бир киши: “Ё Расулуллоҳ, бир инсон ширк қилган бўлса ҳам, Аллоҳ унинг гуноҳини кечадими?” деб сўради. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир оз жим турдилар ва кейин: “Йўқ, фақат ширк келтирганларнинг гуноҳи кечирилмайди”, деб, уч марта айтдилар» (Имом Аҳмад).
 
Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)­дан ривоят қилинади: «Пайғам­баримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга ширк келтирмай вафот этган ҳар бир инсон мағфиратга сазовордир. Аллоҳ хоҳласа, уни кечиради, хоҳламаса, кечирмайди. Албатта, Аллоҳ ширк келтириб, тавба қилмай ўлиб кетган бандани кечирмайди. Ундан бошқа гуноҳни, хоҳласа, кечиради”, дедилар».
 
Адашган тоифалардан хорижийлар: “Катта гуноҳларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолога ширк келтиришдир. Ким катта гуноҳ қилса, Аллоҳ таолога ширк келтирган бўлади, унинг гуноҳи кечирилмайди ва тавбаси қабул қилинмайди”, дейишади. Мўътазилийлар: “Катта гуноҳ қилувчилар имондан чиқади, лекин куфрга кирмайди”, дейди.
 
Имом Мотуридий (раҳматуллоҳи алайҳ) бу каби адашган тоифаларга: “Сизлар катта гуноҳ қилган кишини ширк келтирган бўлади, зеро, бунда Аллоҳга очиқ қарши чиқиш бор дейсиз. Ҳолбуки, бундай маъно кичик гуноҳларда ҳам бор. Модомики, кичик гуноҳ ширк бўлмас экан, катта гуноҳ ҳам ширк эмас ва уни қилган банда кофир бўлмайди. Бизнинг наздимизда, бу оятда мўминларга ширкдан бошқа гуноҳларнинг кечирилиши мумкинлигига умид берилган. Аллоҳ таоло хоҳласа, бандани гуноҳлари боис азоблайди, хоҳласа, кечиради. Демак, ширкдан бошқа гуноҳлар учун Аллоҳнинг мағфиратидан умидвор бўлиш ақлан жоиздир”, деб жавоб берганлар.
 
Амр ибн Анбаса (розияллоҳу анҳу)­дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг олдиларига ҳассага таянган бир кекса келиб, бундай деди: “Ё Расулуллоҳ! Мен гуноҳкорман, агар тавба қилсам, кечириладими?” Шунда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, деб гувоҳлик берасанми?” дедилар. У эса: “Ҳа, яна гувоҳлик бераманки, сиз Унинг расулисиз”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга: “Сенинг гуноҳларинг кечирилади”, дедилар» (Имом Аҳмад).
 
Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Одам болаларининг барчаси хатокордир. Хатокорларнинг яхшиси кўп тавба қилувчиларидир”, дедилар» (Имом Термизий, Имом Аҳмад, Имом Ҳоким).
 
«…Албатта, У Мағфиратли ва Раҳмлидир». “Мағфиратли” – бандаларнинг айбу хатоларини Ўз фазли ила кечиб юборувчи деганидир. “Раҳмли” – қиёмат куни фақат мўминларга раҳм қилувчи демакдир.
 
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ таоло барчамизнинг катта-кичик гуноҳларимизни, хато ва камчиликларимизни кечирсин!
 
Абу Мансур Мотуридий ва 
Ибн Касир тафсирлари асосида 
Бадриддин САДРИДДИН ўғли 
тайёрлади.