«Тунда (ярим кечада) уйғониб, ўзингиз учун таҳажжуд (нафл) намозини ўқинг!..»
Луғатда тунда ухлаб қайта уйғонишга таҳажжуд дейилади. Шариат истилоҳида эса таҳажжуд дейилганда, тунда бир ухлаб туриб ўқиладиган намоз тушунилади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Тунги намоз фарзлардан ке­йинги энг афзал ибодатдир”, дедилар» (Имом Муслим).
Таҳажжудни хуфтон намозидан кейин ухлаб туриб, кечанинг учдан бирининг охирги қисмида ўқиш фазилатлидир.
Таҳажжуд намозини ўқиб бўлгач, бундай дуо қилиш суннатдир. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кечаси таҳажжудга турсалар бундай дуо қилардилар: “Ё Аллоҳ, Сенга ҳамд бўлсин, Сен Осмонни мунаввар қилувчисан. Сенга ҳамд бўлсин, Сен Еру Осмонни сақлагувчисан. Сенга ҳамд бўлсин, Сен Еру Осмон ва улар орасидагиларнинг Парвардигорисан. Сенга ҳамд бўлсин, Сен Ҳақсан. Сенинг ваъданг ва сўзинг ҳақ. Сени кўриш ҳақ. Жаннат ҳақ. Дўзах ҳақ. Пайғамбарлар ҳақ. Қиёмат ҳақ. Ё Аллоҳ, Сенга бўйсундим, имон келтирдим, таваккал қилдим. Сенга қайтдим. Сенинг ёрдаминг (Қуръони карим оятларидан далил-ҳужжатлар ёрдамида бошқалар) билан тортишдим, Сенинг ҳукмингга ҳавола қилдим. Олдинги ва кейинги ҳамда сир қолган ва маълум бўлган гуноҳларимни кечиргин. Сен менинг Илоҳимсан. Сендан ўзга илоҳ йўқ”» (Имом Бухорий).
«...Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса».
Оятнинг «...мақтовли мақом» деб таржима қилинган “мақомам маҳмуда” муборак жумласи турлича тафсир қилинган. Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) «Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса» мазмунли оят ҳақида бундай деганлар: “Аллоҳ таоло Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шафоати билан мўминларни дўзахдан чиқаради. Шу мақтовли мақомдир”».
Баъзи олимлар: «“Мақтовли мақом”дан мурод Қиёмат куни Пайғамбаримиз (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қўлларида бўладиган ҳамд байроғидир», дейишади. Бу фикр юқорида айтилган фикрга зид келмайди. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қиёмат куни ҳамд байроғини тутиб, умматларини шафоат қиладилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен Қиёмат куни Одам болаларининг саййиди бўламан. Бу фахрланиш эмас. Қўлимда ҳамд байроғи бўлади”, деганлар (Имом Термизий ривояти). Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким азон нидосини эшитган пайтда: “Ушбу мукаммал чақириқ ва адо этиладиган намоз Рабби Аллоҳ! Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га васила ва фазилат бергин ҳамда ваъда қилганинг мақтовли мақомда тирилтиргин” деса, унга Қиёмат куни менинг шафоатим насиб қилади», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Умматимни шафоат қилган жойим мақтовли мақом бўлади”, деганлар (Имом Табарий ривояти). Шунингдек, банданинг ҳам улуғ ишлар учун турган жойи Аллоҳ ­тао­ло­нинг ҳузуридаги мақомга ўхшайди.
Ибн Аббос (розиял­­­лоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) Макка шаҳрида эдилар. Сўнг ҳижрат этишга амр қилинди. Аллоҳ таоло: “Эй Раббим! Мени (қабр­га) содиқлик билан (гуноҳларим кечирил­ган ҳолимда) кирит­гин ва (тирил­тирганингда ҳам) содиқ­лик (рози­лигинг билан) чиқар­гин”, оятини нозил қилди».
Ҳақ таоло Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни Мадинага кирар вақтда: «Мени содиқлик билан киритгин», Макка шаҳридан кетадиган пайтда: «содиқлик билан чиқаргин», дейишларини амр қилди. Бу оят турлича тафсир қилинган. Бир муфассир: “Мени динда собит қилгин! Мени куфрдан сақлагин!” деб таъвил қилган. Бошқа бирлари эса: “Мени дунёдан содиқлик билан чиқариб, жаннатга киргизгин!” деб тафсир қилган. Яна бошқалари эса бу оятда: “Мени қабрга содиқлик билан киргизгин ва ундан содиқлик билан чиқаргин”, деган маънолар борлигини айтишган.
 
Имом Қуртубий, Фахриддин Розий, 
Самарқандий, Ибн Касир 
тафсирлари асосида 
Баҳриддин ЖЎРАБЕК ўғли 
тайёрлади.