Онам айтиб аллалар,

Шахдам қадам бос, деди.

Аждодинггга орият,

Мардлик жуда мос, деди...

Болалик йилларимни эслаганда, беихтиёр, шу сатрлар тизилиб келади.

Ақлимизни таний бошлаганимиздан ота-онамиз эртак, достонлар айтиб беришарди. Асрлар оша яшаб келаётган машҳур ўзбек эртакларининг деярли барчаси мардлик, паҳлавонликка, Ватан ва халқ тинчлиги, озодлиги, ор-номусини ҳимоя қилиш учун қаҳрамон, фидойи бўлишга ўргатади. Ҳар гал уларни жон қулоғимиз билан тинглаб, қаҳрамонлари билан хаёлан саргузаштлар оламида учиб юрарканмиз, эртакни якунлаётган отам ёки онам: “Ўғлим, Алпомишдек паҳлавон бўл. Гўрўғлидек от сур. Фарҳоддек ғайратли бўл. Курашларда Рустамдек душман елкасини ерга текказ. Қадамингни шахдам бос”, қабилидаги гапларни айтиб, елкамизга қоқиб қўйишарди. Айримларга ўхшаб: “Ана, олабўжи келди. Алвасти сени олиб кетади”, деб қўрқитишмасди.

Эртак қаҳрамонларининг жасоратига ҳайратимиз, ҳавасимиз, шунингдек, ота-онамиз ўгитлари мақсад сари дадил интилишга, доим меҳнат-ҳаракат билан яхшиликлар яратишга, дўстларга ёндош, душманга муросасиз бўлишга ўргатди.

Бугун расталар, дўконларни айланиб, республикамиз нашриётларида чиққан чиройли, ранг-баранг, ажойиб эртак китобларини кўздан кечирарканман, яна болалик йилларим ёдимга тушади. Энди уларни фарзандлар, набиралар бирга ўқиркан, кузатаман: болаларнинг кўзлари чақнайди, сўзларию ҳаракатларида ўктамлик улғайиб боради. Баъзида биз соатлаб тушунтириб, уқтириб, талаб қилиб ҳам онгига етказолмаган мақсад, фикрни қай бир эртак ёки достон қаҳрамони боламизнинг ёш қалбига осонгина жо этиши мумкин. Зеро, халқ оғзаки ижоди дурдоналари асрлар давомида донишмандлар, олимлар, устозу тарбиячиларнинг тили, дилидан ўтиб сайқалланган, мукаммалашган, қалбларга йўл топган.

Болаларни дунёни таний бошлаганидан китоблар, уларнинг сермаъно олами, баҳодир ва доно қаҳрамонлари билан дўстлаштирайлик. “Ёшликда ёзгани – тошга ўйгани”, дейдилар. Беғубор болажонлар қалбига китоблар салтанатидан кўчган маънавий бойлик – фазилатлар уларни бир умр эзгулик, саодат йўлларига бошласа, ажабмас.

Шермурод ТОҒАЙ,

Тошкентдаги “Тинчлик” жоме

масжиди имом-хатиби