Бу воқеани 1976 йил Пайариқ туманига пахта тергани борганимизда Хартанг қишлоғилик Доли бобо сўзлаб берган эди. Пахта яккаҳокимлиги авжига чиққан пайтлар, ёшу қари сафарбар қилинган...
– Ҳорманглар, ҳашарга келибсизлар-да, – деди отахон. – Ҳадисчиларнинг султони Имом Бухорий ҳазратлари ўз вақтида макон тутган кўҳна Хартанг қишлоғида – муборак жойдасизлар. Ҳов, ана кўриниб турган бинога, “Имом Бухорий” масжидига бор­япман. Эҳ, қандай даврлар ўтди, масжид қаровсиз, ҳазратнинг қабрлари эътиборсиз эди. Атрофни чакалак босган, чанг-хароба ҳолда ётарди. Узоқ-яқиндан келган одамлар онда-сонда, беркиниб зиёрат қилиб кетарди. Шундай кунларнинг бирида ўрта бўйли, соч-соқоли оппоқ, фариштадек бир отахон пайдо бўлиб қолди. Аҳмадхон ўғли Саид Камолхон (1874–1955) исмли бу киши ҳазратнинг масжидлари, қабрлари атрофларини супуриб-сидирар, намозларини ҳам шу ерда адо этарди.
Яхшироқ танишиб олиш учун бир куни олдига бордим. 
Ўша куни ибодатларни бирга бажардик. У киши ҳазрат қабрлари ёнида тиз чўкиб, шундай тиловат бошладиларки, бутун вужудим жимирлаб, ёқимли қироатнинг асири бўлиб қолдим. Анча давом этган бетакрор нолада шикаста дилнинг Аллоҳга рози, илтижолари, улуғ ҳазратга меҳру муҳаббати, содиқ фарзанднинг ота қабри устидаги фарёди – ҳамма-ҳаммаси мужассам эди. Ғоятда таъсирли овоздан қалбим жунбушга келиб, сел бўлиб оқди.  Тиловат сўнгида у кишига қараган эдим, кўзларини артиб, ўрниларидан тураётган эканлар. Мен ҳам кўз ёшимни артиб, беихтиёр ортидан эргашдим. Негадир бу инсондан ажралгим келмай қолган эди. Уйга олиб кетай дедим, аммо кўнмади.
Уйга келгач, “Энди керакли нарсаларни ўша ерга олиб бораман. Қолаверса, у киши меҳмон. Ҳурматларини жойига қўйишим керак”, деб аҳд қилдим. Хуллас, устознинг меҳри, таъсирли тиловати мени чақираётгандек бўлаверди. Эрта тонгда етиб бордим. Устоз азиз тутадиган ҳамма жойни супуриб тозаладим. Кундан-кунга у зотга ҳурматим ортар эди. Ҳар замонда: “Ўғлим”, дейишлари ота меҳрига зор ўсганим боис мени ҳаяжонга соларди...
Бир куни у киши:
– Энди менга диққат билан қулоқ солинг. Ҳа, диққат билан, ўғлим. Ҳамма гапни сизга айтаман. Чунки бу ердаги энг яқин одамимсиз. Оз қолди, бу фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қиламан. Мени ҳазрат қабрларининг шимол томонидан чамаси 6–7 метрлар нарироққа дафн қиласизлар. Белгилаб қўйинг, – дедилар ўша жойни кўрсатиб. Дарҳол кўрсатилган жойга белги қўйдим.
– Орадан йиллар ўтиб, мана бу ерга кўчирасизлар, – деб бир темир қозиқни ерга суқдилар. Мен қозиқни чуқурроқ қоқиб, устини чим-тупроқ билан текислаб қўйдим.
– Бу ер менинг сўнгги манзил-маконим бўлади. Ҳазратим мана шу ерни менга лозим кўрдилар, – дедилар хушнудлик билан.
Бир оз жим туриб, айтдилар: “Орадан йиллар ўтади. Худойимнинг хоҳиш-иродаси билан давлат бошига ҳақгўй ва доно раҳбар келади, мамлакат озод ва обод бўлади. Бу ер улуғ зиёратгоҳга айланади. Ўшанда қабрим устида қуёш порлайди...”
Севимли устозим 1955 йилнинг баҳорида вафот этди. Кўрсатган жойларига дафн қилдик. 1974 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ташаббуси билан, бир неча мусулмон мамлакатлари иштирокида Имом Бухорий ҳазратларининг ҳижрий йил ҳисоби билан 1200 йиллик таваллудлари нишонланадиган бўлди.
Эски масжидни тезда таъмирлаб, ҳазрат­нинг қабр­ларини девор билан ўрайдиган бўлишди. Буни қарангки, девор устозимнинг қабри устидан ўтадиган бўлиб қолди. Ҳа, устозим олдиндан айтганларидай бўлаётган эди. Бутун вужудим титраб, кўзларимдан ёш қалқди. Қабр бошида йиғлаб туравердим.
Масжидга имомлик қилган мулла Қувон­диқ суякларини солиш учун бир қоп тайёрлаб турарди. Шунда масъуллардан бири: “Ишни қийинлаштирмайлик, эски қабр экан, текислаб, устидан девор тик­лаймиз”, деди. Шунда устозимнинг ёшгина ўғли Музаффархон: “Йўқ, йўқ. Отам раҳматли девор тагида қолиб кетадиларми? Очайлик, азизлар, очайлик”, дер эди илтижоли овозда.
Шу пайт гўё устознинг нурли сиймоси кўрингандай: “Ҳа, ўғлим. Нега индамайсиз? Музаффархонга ёрдам беринг”, дегандай бўлди. “Худонинг ҳақ, расулининг барҳақ эканлигини кўрай десангиз, қабрни очайлик”, дедим ҳаммага эшиттириб. Аслида, бу гапнинг замирида қандай ҳикмат борлигини ўзим билмасдим...
Мулла Қувондиқ: “Нима дедингиз, Доли ака? Худонинг ҳақлигини, дедингизми? Энди қабрни очамиз”, деди қатъий қилиб.
Қабр очилганида жасаднинг бутунлигини, покиза турганини, фақат кафаннинг бироз сарғайганини кўрдик. Одамлар ҳайратдан қотиб қолган, ҳамма гапиришга ожиз эди.
Сўнгра ўзаро маслаҳатлашиб, устозимни ўша темир қозиқ қоқилган жойга дафн этдик. Ҳа, ўшанда устоз: “Менинг сўнгги маконим...”, деган жойга... Ҳайратдан лол қотган эдим...
 
* * *
Доли бобонинг ҳикоясини мириқиб тингладик.
Яқинда “Ғиштли” масжидида имом-хатиблик қилган мулла Абдусалим қувонч билан уйга кириб келди. “Биласизми, устоз, Музаффархонни топдим. Ҳа, ўша Саид Камолхон узтознинг ўғилларини. Сиз билан бир суҳбатлашмоқчи. Ҳазратнинг масжидларида кутади бизни. Шу пайтгача бу ғаройиб воқеа ҳақида ҳеч нарса ёзмадингиз. Энди бундай қилманг, домла. Ахир тилчисиз, дорулфунунда ўқигансиз. Етишмаган жойларини Музаффархондан сўраб олинг-да, бўлиб ўтган воқеаларни шундай ёзингки, одамлар, айниқса, ёшларга поклик ва эзгулик, элу халққа хизмат қилишнинг нақадар савоблиги ҳақида ибрат бўлиб қолсин. Озод ва обод Ватанимизга хизмат қилишни улуғ инсоний бурч англаб, қандай бахтли, ҳур замонда яшаётганлигимизни, Юртбошимизнинг ҳурмати, озодликнинг қадри қанчалар юксаклигини билишсин”.
Музаффархон бизни яхши кутиб олди. Олтмишлардан ошган бу ширинсўз, ёқимли инсон Доли бобо айтганларининг ҳаммаси ҳақиқат эканини тасдиқлади. Кўз ўнгим ёришгандек бўлиб кетди.
Кексайиб қолган бўлсам-да, бу азиз гўша­га тез-тез келиб тураман. Бугун ҳам ҳар галгидек аввал Имом Бухорий ҳазратларининг муҳташам гумбазли мақбарасини зиёрат қилдим. Ул зотга, устозим ва Доли бобо, Турсун ака ва бошқалар руҳониятига тиловатлар бағишлаб, ҳақларига дуолар қилдим.
Мажмуадаги шарқона услубда қурилган чиройли айвонлару масжид, бир-бирига мослаб бунёд этилган пурвиқор биноларга қараб, шу кунларга етказган Аллоҳ таолога минг-минг шукрона келтирдим.
 
Абдуғани ФАЙЗИЕВ, 
Ургут тумани