“Туркистон” деганимизда, даставвал Хўжа Аҳмад Яссавийнинг муҳташам мақ­бараси салобат тўкиб турган шаҳар кўз олдимизга келади. Амир Темур ҳақидаги расмий манба ҳисобланмиш “Зафарнома”да қайд қилинишича, Ўрта Осиё меъморчилигининг ажойиб намунаси бўлган мазкур мақбара қурилиши Амир Темурнинг фармонига мувофиқ 1397 (799 ҳижрий) йилнинг кузида, яъни Яссавий вафотидан икки асрдан кўпроқ вақт ўтгач бошланган.

 

Мақбарадаги дошқозон ҳам кўлами, салобати ва нафислиги билан машҳур. Қозон ҳозирга қадар дунёда ягона бўлиб, уни Москва Кремлидаги “Шоҳ замбарак” (“Царь пушка”) ва “Шоҳ қўнғироқ” (“Царь колокол”)­га қиёслаш, ҳатто улардан бирмунча устун туради, деб дадил айтиш мумкин.

Амир Темурнинг буюртмаси билан қуйилиб, олдиндан (иншоот билан биргаликда) лойиҳалаштирилган жойига муқим ўрнатилган мазкур қозон собиқ совет­лар даврида Эрон санъати ва археологияси бўйича Санкт-Петербург шаҳрида ўтказиладиган III Халқаро конгрессга бағишлаб ташкил этилган кўргазмага олиб кетилган эди. Қозонни кўргазмадан Эрмитажга ўтказиш пайтида, яъни 1935 йил 24 августда имзоланган ҳужжатда “вақтинча сақлаш” учун, деб қайд қилинган бўлса-да, бу муддат ярим асрдан ортиқ фурсатга чўзилиб кетди.
Тўғри, антиқа қозон Эрмитажга қўйил­ганидан сўнг ўтган давр мобайнида уни мил­лон­лаб кишилар завқ билан томоша қилиб, тан беришган. Лекин уни ўз Ватани­га қайтариш ҳақидаги илтимослар ҳам қонуний талаб эди. Ниҳоят, 1989 йилда собиқ совет давлатида сиёсат бирмунча ўзгариб, мустақиллик шабадаси эса бошлаган бир вазиятда, туркистонликларнинг саъй-ҳаракатлари натижаси ўлароқ, Аҳмад Яссавий қозонини ўз Ватанига қайтариш тўғрисидаги ҳужжатлар расмийлаштирилади. Қозонни олиб келиш учун махсус гуруҳ сафарбар этилади. Шулар сафида Аҳмад Яссавийнинг энг кенжа авлодлари вакили Дадажон Жамолов ҳам бор эди.
Шундай қилиб, Аҳмад Яссавий қозони 54 йил деганда, 1989 йил 18 сентябрь куни “Камаз” автомашинасида кигизларга ўралган ҳолда Туркистонга кириб келади. Уни шаҳарга кираверишдаги катта йўл бўйида одамлар тантана, шодиёна билан кутиб олади.
Қозонни мақбаранинг жамоатхонаси­­га ­– энг баланд ва энг катта гумбаз тагидаги ўрталикка – ўз ўрнига ўрнатиш учун, аввало, унга тагсупа ясаш керак эди. Бу ишни Яссавий авлодлари зиммаларига олдилар. Аммо ўша кунлари ҳар бир мусулмон бу хайрли ишга озми-кўпми ҳисса қўшишга шай эди. Автокран қозонни осонгина эшикдан олиб кириб, ўзининг азалий жойи­га, янги тагсупага ўрнатади. Демак, Аҳмад Яссавий мақбараси (ҳозирги Қўриқхона-музей)нинг эшиги Эрмитажнинг эшигидан анча катта экан (чунки қозон Эрмитажнинг эшигига сиғмай, дераза бузилиб, автокран хартумида олиб чиқилган эди). Тўғри-да, баландлиги 36,5 метр бўлган мақбаранинг эшиги ҳам шунга яраша бўлиши керак-да. Ўша пайтда ўймакорлик услубида нақш­ланиб ишланган жимжимадор қўштабақа ёғоч эшикнинг ҳамон (олти аср давомида) бинойидек сақланиб келаётганига ажаб­ланмай иложимиз йўқ.
Табаррук бу обида қачон, ким томонидан ва нима мақсадда бунёд этилган?
Қозоннинг сирти юқори қисмидан пастга қараб уч қатор қилиб нақшланган эпиграфик “белбоғ”лар билан ўралган, биринчи “белбоғ”да “сулс” ҳарфларида битилган ёзувда: “Бу сув ичиладиган идиш” (қозон) “буюк амир, подшо, улусларнинг муносиб сардори Амир Темур Кўрагоннинг буйруғига биноан 1399 йилда...” “ислом шайхи, оламдаги машойихларнинг султони Шайх Хўжа Аҳмад Яссавийга бағишлаб қўйилган” деб қайд этилган. Ёзувлардан яна қозонни “Ягона подшоҳ – Аллоҳга муҳтож, унинг қули, табризлик уста Шарафуд­дин ўғли Абдулазиз ишлаган” (қуйган)лиги маълум бўлади.
Иккинчи “белбоғ” биринчи ва учинчи “белбоғ”ларга нисбатан энсизроқ бўлиб, унга форс тилида “Мурувватли бўл” деган сўзлар битилган. Айнан шу мисранинг, гўё кўзгуда акс этганидек тескари ёзилган нусхаси ҳам ўша қатордан жой олган. “Бийлик Аллоҳда” деган ёзув 22 марта такрорланган.
“Сув ичадиган идиш” деган жумладан маълум бўладики, қозон безак, кўрк, дабдаба учунгина эмас, бу ерга, айниқса, ёз кунлари, олис йўлдан чарчаб, чанқаб келадиган кишиларни ичимлик сув билан таъминлайдиган идиш вазифасини ўташ учун ишланган. Дарёдан олисда жойлашган бу ҳудудда сув танқис бўлган, қудуқлар қазиб сув чиқарилган. Қозонда эса йўловчилар, зиёратчилар учун ҳамиша етарли миқдорда ичимлик суви бўлган. Биринчи “белбоғ”да қайд қилинган қуйидаги сўзлар фикримизнинг далили бўлади: “Кимда-ким Аллоҳ йўлига сув ичадиган жой (иншоот) қурса, Аллоҳ унга жаннатда ҳовуз қуради”.
Дунёда ягона деб тан олиб келинаётган мазкур қозоннинг баландлиги 162 см, эни (диаметри) 242 см, вазни эса 2 тонна. Ҳажми ҳам шунга яраша – 3000 литр сув қуйиш мумкин. Маҳаллий қарияларнинг айтишларича, қозон Қарноқ (ҳозирги Отабой) қишлоғида қуйилган. Абдулазиз уста эса, “дастхат”ида қайд қилганидек, асли табризлик. Демак, у Амир Темур Табриздан Самарқандга олиб келган моҳир ҳунармандлардан биридир.
Дунёда шунга ўхшаш яна битта қозон бўлиб, у бирмунча олдинроқ, яъни 1375 йилда исфахонлик уста Ҳасан ибн Али томонидан қуйилиб, Ҳирот шаҳрининг Жума масжидига ўрнатилган. Туркистон қозонидан анча кичик.
Тарихдан маълумки, Амир Темур 1381 йилда Ҳирот шаҳрини ишғол этган. Демак, Соҳибқирон у ердаги қозонни кўрган, шу боис Хожа Аҳмад Яссавий учун тайёрланадиган қозонни унга нисбатан каттароқ қилиб қуйишни амр этган бўлса, эҳтимол. Мақбара билан қозон алоҳида-алоҳида лойиҳалаштирилмаган. Уларга бир бутун қурилма деб қаралган ва ҳар жиҳатдан бир-бирига мутаносиб лойиҳа асосида бунёд этилган. Жамоатхона (“Қозонхона” ҳам дейилади) атрофидаги эшиклар, деразалар, улардан тушадиган нур, ҳар бир бурчак, ҳар бир нуқта меъморчилик илмига асосланган.
Мазкур қозон Аҳмад Яссавий мақбараси­нинг бетакрор ҳуснига ҳусн қўшиб турган нодир санъат асаригина эмас, Соҳибқирон Амир Темур салтанатининг улуғворлигини, қудратини намойиш этадиган рамзий бир тимсол ҳамдир. Туркий халқларда қозон тўқлик ва меҳмондорчилик рамзи, деган нақл ҳам бор...
 
Муҳаммад ХАЙРУЛЛАЕВ