• Рукни: Тарих

Манбаларда Амир Темур қўшинида 313 нафар лашкарбоши (амир) бўлгани айтилади. Уларнинг сони нега айнан 313 нафар эканини билиш кўпчиликка қизиқ бўлса керак. Бу борадаги маълумотларни таҳлил қилгач, ҳосил бўлган умумий хулосани келтириб ўтмоқчимиз.

Тарихчи Ибн Арабшоҳнинг айтишича: «Темур ҳар доим: “Эришган барча нарсам ва мустаҳкам маконларни фатҳ қилишим – Шайх Шамсуддин Фоҳурийнинг дуоси, Шайх Зайниддин Хавофийнинг ҳиммати туфайли, барокатларим эса фақат Саййид Барака ёрдамида бўлган”, дер эди». Шундай экан, биз таҳлил қилган масала ҳам бевосита диний омил билан боғлиқ.
Ислом тарихидаги энг муҳим юришлардан бири Бадр ғазотидир. Бу жангнинг муҳимлиги шундаки, унинг тақдири бевосита Ислом дини тақдири ҳам эди, мусулмонлар мағлубиятга учрашса, Ислом тарғиботига нуқта қўйилиши ва мусулмонлар ер юзидан йўқолиб кетиши мумкин эди. Бу ҳақда Алихонтўра Соғуний бундай ёзади: “Бу муборак ғазотга тайёрланиб чиққан саҳобаларнинг сони уч юз ўн учга етди. Бунинг икки юз қирқ нафари ансорлар бўлиб, қолганлари муҳожирлар эди. Бу аскарнинг борлиқ кўриклари икки от, етмиш туя бўлганликдан, йўл бўйи алмашиб миндилар. Макка мушриклари қўшинида тўққиз юз эллик киши бўлиб, етти юз туя, юзтача совутланган югурик отлари бор эди. Қуръони карим оятларида Аллоҳ бу жангда уч мингта фариштани ёрдамга туширгани зикр этилган”.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Аббос: «Бадр уруши куни Пайғамбар (алайҳиссалом)­нинг чодир ичида туриб: “Эй бор Худоё! Сендан Ўзинг берган аҳдинг ва ваъдангни сўрайман. Эй бор Худоё! Бугундан кейин Сенга ибодат қилинмаслигини хоҳласанг, (Ўзинг биласан)” деб турганларини кўрдим», деган. Бу эса жангнинг қанчалик аҳамиятли эканини билдиради. Аксар манбаларда Бадр жангчилари 313 киши экани айтилади.
Демак, Амир Темур даврида бу жанг тафсилотларини деярли ҳар бир аскар билган ва ундан руҳланган. Бундан Амир Темур бобомизнинг динимиз тарихини мукаммал билгани, ундан қўшин тузилиши ва давлатни бошқаришда самарали фойдаланганини англаш мумкин.
 
Шерзод ЖЎРАЕВ