“Тама” сўзи бир нарсани қаттиқ умид қилиш маъносидаги арабча «тамаъа» сўзидан ўзлаштирилган. Аллоҳ таолодан тама, умид қилиш яхши хислатдир. Қуръони каримда хавф ва тама билан дуо қиладиганлар қуйидагича мадҳ этилади:
«Уларнинг ёнбошлари (ибодат қилиш учун) ўриндиқлардан ажраб турар (оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилурлар» (Сажда, 16).
Аммо инсонлардан тама қилиш жуда ёмондир. Шунинг учун Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу): “Билингки, тама қашшоқликдир. Тама қилмаслик бойликдир”, деган.
Каъб (розияллоҳу анҳу) Абдуллоҳ ибн Салом (розияллоҳу анҳумо)га:
– Эй Ибн Салом! Илм соҳиблари ким? – деди.
– Унга амал қилувчилар, – деди.
– Уламоларнинг қалбидан илмни кетказган нарса нима? – деди.
– Тамагирлик, нафснинг очкўзлиги ва одамлардан ҳожатини раво қилишни сўраш, – деб жавоб берди.
Мусулмон киши тамагир бўлмаслиги, борига қаноат қилмоғи лозим. Тамагирлик имон заифлигининг аломатидир. Шунингдек, бу иллат доимий камбағалликка мубтало қилади.
Ҳукамолар агар тамагирликка: “Отанг ким?” де­йилса, “Қадарга шак келтириш”; “Ҳунаринг нима?” дейилса, “Хорликни касб қилиш”; “Ғоянг нима?” дейилса, “Маҳрумлик”, дейишини айтганлар.
Мусулмон киши фаровон ҳаёт учун бор имкониятини ишга солиб, ҳаракат қилиши лозим. Ризқни, мол-дунёни Аллоҳ таоло беради.
Абу Ҳозим: “Ким ўзини билса, Аллоҳ таоло берган ризққа қаноат қилса ва тилини тийса, ақли расо бўлур”, деган. Аллоҳ таоло берган ризққа қаноат қилиш дунё ва охират саодатига етказувчи фазилатлардандир.

Абдуссамад ТОЖИДДИНОВ
тайёрлади.