Манбаларда келтирилишича, Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) кечалари ҳеч кимга билдирмай, одамлар ҳолидан хабар олиб юрардилар. Бир аёлнинг овқат топа олмаганидан қозонга сувнинг ўзини қуйиб, тагига олов  ёқиб: “Сабр қилинглар, ҳозир овқат пишади”, дея болаларини ухлатишга уринаётганлигини кўрдилар. Ҳазрат Умар дарҳол орқаларига қайтиб, давлат хазинасидан бир қоп таомни ажратиб, ҳамроҳларидан қопни орқалатиб қўйишда ёрдам сўрадилар. Ҳамроҳлари: “Эй мўминларнинг амири, ижозат беринг, юкни мен кўтариб борай”, деди. Шунда ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): “Агар Қиёмат куни ўша оиланинг оч қолгани гуноҳини ҳам менинг ўрнимга сен кўтарадиган бўлсанг, бу юкни кўтар, бўлмаса ўзимга қўйиб бер, ўзим кўтарай”, дедилар. Сўнгра қопни ўзлари кўтариб олиб бордилар.
Севимли адибимиз Абдулла Қаҳҳор: “Халқнинг қалбига узоқдан қўл солиб бўлмайди, қўл солиш учун унинг олдига бориш керак”, деган эди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳнинг қавмларига аталган бир талай неъматлари бор. Қавмлар бир-бирларининг эҳтиёжларини таъмин этган ва бир-бирларининг дардларини аритган ва аритаётган вақтларида бу неъматларни уларга беришда давом этади. Бир-бирларини чалиб йиқитишга ўта бошлаган вақтларида уларга бераётган неъматларини тўхтатиб, бошқа аҳил қавмларга беради”, деб айтадилар (Абу Ҳомид Ғаззолий, “Мукошафатул қулуб”).
Ён-атрофимиздаги кўмакка муҳтож бўлганларга ёрдам бериб яшаш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиздир. Ота-она, қариндош-уруғ, қўни-қўшни, маҳалла-кўй, умуман, барча инсонларга яхшилик қилиш, мурувват кўрсатиш ҳақиқий инсоний фазилатдир.
 
Сардорбек ХУДОЁРОВ,
Асака туманидаги “Мулла Раимдон” масжиди имом-хатиби