Қуйидаги етти ҳолатдан бири рўй берса, ғусл фарз бўлади. (1) Маний, жинсий яқинликсиз, ўрнидан шаҳват билан ажралиб сиртга чиққанида; (2) эр киши жинсий аъзосининг хатна қилинган қисми тирик одамнинг икки йўлидан бирига кирганида; (3) ўлик инсонга ё ҳайвонга яқинлик қилганда маний чиқса; (4) жинсий аъзоси ухлашидан олдин тик бўлмаган кишининг уйғонганида ички кийимида ёпишқоқ сув (нам) бўлса; (5) мастликдан  ва беҳушликдан ўзига келганида ички кийимида бўлган намни маний деб ўйлаганида; (6) аёллар хайз ва (7) нифосдан тоза бўлганида. Бу саналган ҳолатлар киши мусулмон бўлмасидан олдин рўй берган бўлса ҳам, мусулмон бўлганидан сўнг ғусл қилиши,саҳиҳ қавлда, фарз бўлади.

 

Ғусл вожиб бўлмайдиган ҳолатлар

Ўн ҳолатда ғусл вожиб бўлмайди: мазй ва вадй чиққанида (мазй – шаҳват уйғонганда чиқадиган ёпишқоқ оқ суюқликдир, вадй сийдикдан сўнг чиқадиган лойқаранг суюқликдир); киши тушида эҳтилом бўлиб, уйғонгач ички кийимида нам бўлмаса; саҳиҳ қавлда, аёл бола туққач қон кўрмаганида; эр киши жинсий аъзосини, лаззатланишига монеъ бўладиган латта ўраб,киритганда; ҳуқна (клизма) қилганида: икки йўлдан бирига бармоқ ва у каби нарса суқса; ўлик ва ҳайвон билан яқинлик қилганда маний чиқмаса; (уйланганда) бокирага яқинлик қилганда яқинлик унинг бакоратини кетказмаса ва маний чиқмаса.

Ғусл фарзлари

 

Ғуслда ўн битта амал фарз бўлади: оғизни (ғарғара қилиб) чайиш; бурунни (ачитиб) чайиш; баданнинг ҳаммасини бир марта ювиш; хатна қилинмаган ўрнини, очиш қийин бўлмаса, очиб ювиш; киндикни ювиш; қулоқ тешигини, беркилиб қолмаган бўлса, ювиш; эр кишилар ўрилган сочларининг ораларини, агар сочлари тагига сув етса ҳам, ювиши; аёлларга ўрилган сочлари тагига сув етса, ўрилган сочлари орасини ювишлари фарз бўлмайди; соқол, мўйлаб ва қош тагларини ювиш; аёллар тожлари орасини ювиши.

 

Ғусулнинг суннатлари

 

Ғуслда ўн иккита амал суннатдир: (1) ғуслни (ечинмасдан олдин) тасмия билан бошлаш; (2) ният; (3) (олдин) икки қўлни ошиқлари билан ювиши; (4) агар баданда нажосат бўлса (ғуслни бошлашдан олдин) унинг ўзини ювиши; (5) икки йўлни ювиши; (6) сўнг намоз учун қиладиган таҳорати каби таҳорат қилиши: таҳоратда ювиладиган аъзоларини уч мартадан ювади ва бошига масҳ қилади, агар сув йиғилиб қоладиган жойда ғусл қиладиган бўлса оёқларини ювмайди; (7) сўнг баданига уч марта сув қуяди, агар оқар сувга ва оқар сув ҳукмида бўлган сувга (10х10 зироъ ҳажмли жойдаги (идишдаги) сувга шўнғиб (таҳорат ва ғусл қилиш муддатича) турса, ғуслнинг суннатини тўла адо қилган бўлади; (8) ғуслда сувни олдин бошига қуяди ва (9–10) ўнг елкасини, сўнгра чап елкасини ювади; (11) биринчи сув қуйганидан сўнг, баданининг ҳамма жойини ишқалайди; (12) ғуслни узлуксиз қилиш.

Ғусулда одоб ва макруҳ бўлган амаллар

 

Таҳоратда одоб бўлган амаллар ғуслда ҳам одобдир, фақат ғусл қилишда кўпинча аврат бекитилмагани учун, қиблага юзланиб турилмайди

Таҳоратда макруҳ бўлган амаллар ғуслда ҳам макруҳдир. (Ғусл қилишда гаплашиш, дуоларни такрорлаш макруҳдир).

Фасл

 

Жума намози учун, ийд (ҳайит) намози учун, ҳаж ё умра эҳромига кириш учун, ҳаж қилаётганга Арафот тоғида заволдан сўнг ғусл қилиш суннатдир.

Ўн олти ҳолатда ғусл қилиш мандубдир: (жунуб, ҳайз ва нифосдан) пок ҳолида Ислом динини қабул қилган кишига; балоғат ёшига етганга (эҳтилом бўлмай, ҳайз кўрмай ўн беш ёшга етган йигит ва қизга); жинниликдан тузалганга; қон олдирганда; маййитни ювганда; Бароат кечасида (шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси); Қадр кечасида, агар у қачонлигини билса; Мадинаи мунаввара шаҳрига кириш учун; наҳр (қурбонлик куни) тонг отганда Муздалифада вуқуф учун; Маккаи мукаррамага зиёрат тавофи учун киришда; кусуф (қуёш тутилганда ўқиладиган) намоз учун; истисқо (ёмғир сўраш учун дуо қилиш)га чиққанда; қўрққанда, кундузни қоронғилик чулғаганида, қаттиқ шамол эсганида намоз ўқиш учун.

Муҳим танбеҳ: Кишининг ботини (қалби) ўзгаларга нафрат, ҳасад, адоватдан пок бўлмагунича ва холис Аллоҳ таолога ибодат қилиш билан зийнатланмагунича ташқи кўринишнинг тозалиги фойдасиздир.