Муқаддас Ислом динимизда инсоннинг ўз жонига қасд қилиши гуноҳи кабира саналади. Бундай йўл тутган банда Аллоҳ таоло раҳматидан узоқлашади, охиратда абадий азобу уқубатга дучор бўлади. Чунки ўз жонига қасд қилиш Аллоҳ таолонинг қазои қадарига норози бўлиш, У берган ҳаёт неъматига нонкўрлик қилиш, осийлик ва иродасизлик, мусулмонга хос бўлмаган қабиҳ иллатдир.
Ўз жонига қасд қилишнинг оқибатлари Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда атрофлича айтиб ўтилган. Жумладан, “...ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо, 29). Яна: “...ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара, 195).
Жундаб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир одамнинг жароҳати бор эди. У ўзини-ўзи ўлдирди, шунда Аллоҳ азза ва жалла: “Бандам мендан аввал жони ҳақида ўзи шошқалоқлик қилди. Мен унга жаннатни ҳаром қилдим”, деди”, деганлар» (Имом Бухорий ривояти).
Ибн Сиррин (розияллоҳу анҳу) айтади: “Ўзини ҳалокатга ташлаш Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидсизлик белгисидир”.
Имом Насафий (розияллоҳу анҳу) айтади: “Баъзи жоҳиллар каби одам ўзини-ўзи ўлдирмаслиги керак”.
Ҳаёт неъмати инсон учун берилган энг қадрли омонатдир. Шунингдек, у Аллоҳ таоло томонидан бизларга топширилган имконият ва масъулият ҳамдир. Ҳар бир инсон бу неъматни асраб-авайлаши, унга хиёнат қилмаслиги керак.

Мадина УЛАШЕВА,
Тошкент ислом институти талабаси