Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин, биз мусулмонлар ҳижрий 1438 йилни қарши олдик. Сафар ҳижрий йилнинг иккинчи ойидир. Бу ой фазилат ва баракада бошқа ойлардан қолишмайди. Лекин халқ орасида Сафар ойи билан боғлиқ турли ирим-сиримлар ҳамда бидъату хурофотлар мавжуд: “Сафар ойи­да сафарга чиқма”, “Муҳаррам ойида тўй қилма”, “Икки ўғилга бир кунда келин туширсанг, никоҳини бирга ўқитма, бахтсиз бўлади”. Шу ойда омадсизлик, таъзия кўпайиб қолса, “бу ой оғир келди”, дейишади. Бундан ташқари, “ёш келин-куёвлар таъзияга бормасин, чилла тушади”, “таъзиядор одам тўйга келмасин, ёшларга чилласи тушади”, “сешанба куни тирноқ олма, кир ювма”, “кечқурун супурма”, “меҳмон кетидан супурма” каби бемаъни иримлар ҳам талайгина. Агар бир хонадонга янги келин тушса, келин бу хонадонга тушиши билан хонадон эгалари биронтаси вафот қилса, келин шумқадам экан, деб бир умр дашном  эшитади. Агар биров фарзанд кўрса, фарзанд уйга олиб келиниши билан таъзия бўлиб  қолса ҳам, фарзанд оёғи нохуш келди, деб юришади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ирим-сирим қилишдан қайтарганлар. У зот: “Бу уммат уч нарсадан саломат бўлмайди. Улар ҳасад, гумон ва шумланишдир. Сизларга булардан чиқиш йўлини айтайми? Агар гумон қилсангиз, уни юзага чиқарманг. Агар ҳасад қилсангиз, озор берманг. Агар шумлансангиз, ўтказиб юборинг”, деганлар (Абу Яъло ривояти).
Аслида шумланиш, ирим қилиш қадимдан жоҳилларнинг одати ва пайғамбар­­ларнинг душмани бўлиб келган. Аллоҳ таоло Фиръавн қавми ҳақида бундай дейди: «Бас, уларга яхшилик келганда: “Бу бизга хос”, дейдилар. Агар уларга бирор нохушлик етса, Мусо ва у билан бирга (имон келтирган) кишилардан шумланадилар. Огоҳ бўлингки, уларнинг (яхши-ёмон) амал(лар)и Аллоҳнинг ҳузуридадир. Лекин (буни) аксариятлари билмайдилар» (Аъроф, 131).
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шумланиш (ирим қилиш) нақадар оғир иш экани ҳақида: “Шумланиш ширкдир, шумланиш ширкдир, шумланиш ширкдир”, дедилар (Имом Абу Довуд, Ибн Можа ва Термизий ривояти).
Ҳазрат Имом Суютий (раҳматуллоҳи алайҳ) шумланишга тушиб қолган киши қандай чиқиши ҳақида бундай ёзадилар:
«Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида ҳайвон, қўй, ой ва кунлардан шумланиш ҳақида сўз борса, у киши дарров бундай деб жавоб қайтарар эдилар: “Агар ёмон бир шумланишга борсангиз, ушбу дуони ўқинглар: “Ё Аллоҳ, яхшиликлар фақат Сен билан келади, ёмонликлар фақат Сен билан кетказилади. Куч-қувват фақатгина Сендандир”».
Хулоса шуки, ҳанузгача бидъат-хурофот ва ирим-сиримга берилиб, Сафар ойи­да қилинадиган хайрли ишларни бошқа ойларга кўчирадиган, никоҳ тўйларини тўхтатиб қўядиганлар, баъзи ҳолларда хайрли амалларни ҳам чеклаб, бошқаларнинг ҳам фикрини чалғитиб соф Ислом таълимотидан йироқлаштириб қўяётган айрим кимсалар хулоса чиқариб олсалар, айни муддао бўлар эди.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг суннатларига эргашиш ҳар бир мусулмонга лозимдир. Чунки Ислом дини осон ва тушунарли бўлиб, унинг қалбларга сингиши суннат билан мукаммал бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ азза ва жалла бундай марҳамат қилади: «...улар гапни тинглаб, сўнг унинг энг гўзалига (фойдалисига) эргашадилар. Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоят этган зотлардир ва айнан ўшаларгина ақл эгаларидир» (Зумар, 18).
Бошқа бир оятда бундай марҳамат қилинган: «У эслатма олмоқчи ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни (бир-бирига) ўринбосар қилиб қўйган Зотдир» (Фурқон, 62).
Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг суннатларидан ва ҳадисларидан ибрат олиш, ҳаётга татбиқ этиш дунёда юксак фазилат ҳамда охиратда битмас-туганмас савоб, бахту саодатдир.

Мансур НУРУЛЛАЕВ, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Бухоро вилоятидаги вакили