Муборак ҳадислардан бирида: “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ёки дирҳам мерос қолдирмаганлар, балки илмни мерос қолдирганлар”, дейилади.

Айрим кишилар илмни дунёвий ва диний илм деб ажратишади. Бу унчалик тўғри эмасдир. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Илм Чин-мочин (Хитой)да бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз. Зеро, илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, деганлар.  Илм талаб қилиш, ҳадисда айтилишича, жаннатнинг йўлига тушишдир.
Мужодала сурасининг 11-оятдида бундай марҳамат қилинади: «Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур».
Илм фақат Аллоҳ таолонинг розилиги учун талаб қилиниши лозим. Шунда инсон икки дунё бахт-саодатига эришади. Бу дунёда ҳурмат-эҳтиром ила ҳаёт кечиради. Охиратда эса жаннати маъводан жой олади.
Аммо ким диний илмни дунёнинг ўткинчи матоҳига эришиш учун ўрганса, жаннатнинг ҳидини ҳам топа олмайди. Шунинг учун илм талаб қилганда, киши ўта ҳушёр бўлиши, ниятини тўғри қилиши, фақат Аллоҳ таолонинг розилигини ўйлаб иш тутиши керак бўлади.
Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким илмни Аллоҳдан бошқа учун ёки Аллоҳдан бошқани рози қилишни ўйлаб ўрганса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин”, деганлар.
Демак, одамлар: “Фалончи қори бўлибди, мулла бўлибди, қойил” дейишлари учун илм ўрганилса, иш риёга айланиб, оқибати яхши бўлмайди.
Хуллас, Аллоҳ таоло кимга илм берган бўлса, у билан фақат Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаши лозим. Толиби илмлар ниятини поклаши, ўзи ва жамият учун фойдали илмларни ўрганиши ва бу билан Аллоҳнинг розилигини исташи зарур ҳамда турли можаролар ва ихтилофлардан узоқ бўлиши лозим.

Ҳусниддин АБДУКАРИМОВ,
Чилонзор тумани бош имом-хатиби