Нафақат янги турмуш қурганлар, балки ҳар биримизнинг ҳам бахт-саодатимиз кушандаси, оилалар пойдеворини ағдарувчи талоқ лафзини ўйламай-нетмай тилга олишнинг жуда ёмонлиги ҳақида доимо бир-биримизга, хусусан, ёшларга эслатиб туришимиз лозим.

Тилга эрк бериб, айтилган талоқ лафзидан Аллоҳ таолонинг ғазаби келади ва шайтон хурсанд бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳалол нарсалар ичида Аллоҳ таолога энг ёқимсизи Аллоҳ ғазабини келтирадиган нарса талоқдир”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти). Талоқ сўзи айтилган вақтда Аллоҳ таолонинг Арши ларзага келиши ҳақида бир неча ҳадиси шариф ворид бўлган. Сарвари коинот: “Уч нарса: уларнинг жиддийси ҳам жиддий, ҳазили ҳам жиддий – никоҳ, талоқ ва қул озод қилиш”, деганлар. Демак, талоқ масаласида ҳеч ким ҳазил қилиши мумкин эмас. Айниқса, ёш йигитлар шуни билиб олишсинки, ҳазиллашиб, (ёки маст ҳолда ё аччиқ устида, ўйламай) айтилган талоқ (ёки шу маънога ишора қилувчи лафзлар) ҳам шариатимизда эътиборга олинади.

Аллоҳ таоло ҳар қандай ҳолатда никоҳни сақлаб қолишга, оилаларни бузмасликка буюриб: «...Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин», деб марҳамат қилади (Нисо, 19). Демак, эркак киши аёл кишига нисбатан оғир, босиқ, сабр­ли, мулоҳазали, бағрикенг, жаҳли чиққанида ўзини тута оладиган бўлиши лозим.

Ҳозирги вақтда кўплаб ёш оилаларнинг бузилиб кетишига баъзан ота-оналар ҳам сабабчи бўлишмоқда. Чунки улар ёшларга биринчи даражали зарур маънавий ўгитлар, таълим-тарбия беришмагани ва ўзлари гўзал намуна бўлишмаганидан ёшларимиз мол-дунёга муҳаббат қўйиб, ота-оналарининг молу давлатларига ишониб, ажрашиб кетишмоқда. Эр-хотиннинг ҳуқуқ ва бурчларини билмаслиги оқибатида улар ўртасида уриш-жанжал, оилалар бузилиши, норасида гўдакларнинг тирик етим ва тарбиясиз қолишлари кўпаймоқда.

Айрим ота-оналарнинг “Тенги чиқса, тезроқ бериш керак, бўлмаса қизим ўтириб қолади”, деган баҳоналар билан ҳали ҳаётга тайёр бўлмаган, эр ва унинг ҳақлари нималардан иборат эканлигини билмаган ёш қизларини эрта турмушга бериб, охир-оқибат афсус-надоматда қолишаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Ҳаёт синовларига, қийинчиликларига сабр-тоқатли бўлмаган баъзи бир аёллар диёнатли, оиласини ўйлайдиган, сабр-тоқатли эридан талоқ қилишини, яъни жавобини беришини сўрайди. Ҳар бир мўмина, муслима опа-сингилларимиз билиб олишсинки, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қайси бир аёл узрсиз, сабабсиз эридан талоқ қилишини сўраса, унга жаннатнинг ҳиди ҳам ҳаром бўлади!” деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривояти).

Баъзи кимсалар маст қилувчи моддаларни истеъмол қилиб, ўзларича шерга айланишади ва аёлларига турли хил талоқ сўзларини айтишади. Сўнг афсусланиб, уч талоққа йўл борми, деб ечим ахтаришади. Гоҳида эса, жаҳл билан ушбу нохуш сўзни айтиб юборишади. Бундай ҳолатларда, албатта, Диний идора ҳузуридаги фатво бўлимига мурожаат қилиш зарур. Зеро, мазкур ҳолатларда айтилган талоқ ҳукмида фиқҳий мазҳаб мужтаҳидлари турли ҳулосаларини эълон қилганлар. Тўрт фиқҳий мазҳаб фатволаридан зарурат ҳолатларида фойдаланиш жоизлиги усули фиқҳ китобларида мазкурдир.

Аллоҳ таоло барчамизни шайтоний васвасалардан асраб, оилаларимиз билан тинчликда, тотувликда, фаровонликда ҳаёт кечиришимизни насиб этсин. Ҳар бир эркак аёли ва оиласига меҳрибон, муҳаббатли, ҳар бир аёл эрига вафодор ёр, фарзандларига меҳрибон она бўлишини насиб этсин. Омин.


Шаробиддин МУСАБОЕВ,
Андижон шаҳридаги “Абу Ҳурайра”
жоме масжиди имом-хатиби